Фан-техника | 19:40 / 19.12.2019
24007
2 дақиқада ўқилади

Хитой «сунъий Қуёшни» ишга туширишга тайёрланмоқда

HL-2M / Xinhua

«HL-2M tokamak» номли қурилма – атроф-муҳитга зарар етказмай олинадиган энергиянинг деярли чексиз манбайи деб таърифланмоқда.

Қурилма Қуёш учун энергия манбайи бўлиб хизмат қилувчи термоядро реакциясидан айнан нусха кўчириш учун мўлжалланган.

Хитой ушбу тороидал қурилмасини 2020 йилда ишга тушириши кутиляпти. Бу ҳақда ушбу лойиҳа устидан иш олиб бораётган олимлардан бири Дуан Хуруга асосланиб, Xinhuanet хабар берди.

Бунга қадар ўнлаб йиллар давомида фавқулодда қайноқ плазмани синтез юз бериши учун етарлича узоқ вақт ёпиқ ва барқарор ҳолатда ушлаб туришнинг иқтисодий самарали усулини топиш катта муаммо бўлиб келаётган эди.

Хитойнинг токамаки бу муаммони ваниҳоят ҳал эта оладиган ёки ҳеч бўлмаганда ечимни топишда олға ҳаракатланиш имконини берадиган қурилмага айланиши мумкин.

«HL-2M қурилма ядроси ажратадиган иссиқлик ва зарраларни самаралироқ қайта ишлаш учун турлича ёндашувларнинг термоядро плазмасига қанчалик мослиги юзасидан тадқиқотчиларга қимматли маълумотларни тақдим этади», – деди ядро физикаси билан шуғулланувчи олим Жеймс Ҳаррисон Newsweek билан суҳбатда (у лойиҳадан бевосита хабардор эмас, тафсилотлар сир сақланади).

Қайд этиш жоиз, хитойлик тадқиқотчилар март ойида мазкур қурилма 2019 йил охирига қадар қуриб битказилишини тахмин қилишган эди.

Мавзуга оид