Жаҳон | 19:02 / 21.12.2019
7589
2 дақиқада ўқилади

Хитой мудофаа бюджетида Тайван ҳақидаги банд туфайли АҚШга норозилик билдирди

Фото: REUTERS

Хитой АҚШнинг Ҳонконгдаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаш ва Тайван билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги бандларни 2020 йилги мудофаа бюджети лойиҳасига киритишига кескин протест билдиради. Пекин АҚШни хатоларни дарҳол тузатишга чақиради, дея маълум қилди Бутунхитой халқ вакиллари йиғилишининг ташқи ишлар қўмитаси расмий вакили Ю Вэньцзэ.

АҚШ президенти Дональд Трамп жума куни 2020 йил учун 738 миллиард долларлик мудофаа бюджетини имзолади, унга Россияга «қарши туриш» учун маблағлар, «Шимолий оқим-2»га қарши санкциялар, Украинага ҳарбий ёрдам, қўшма машқлар ва қурол сотиш орқали Тайваннинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, шунингдек, Ҳонконгдаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаш киритилди.

«Америка томони ХХРнинг қатъий ва адолатли позициясини инобатга олмади. Тегишли қонун лойиҳасида Хитойнинг ички ишларига аралашишга оид кўплаб бандлар мавжуд, улар Тайван, Ҳонконг ва Шинжон масалаларига тегишлидир. Тегишли бандлар нотўғри хулосаларга тўла ва Хитой бу борада кучли норозиликни билдиради», - деди Ю Вэньцзэ.

Унинг сўзларига кўра, Тайванга тегишли ҳужжатнинг мазмуни «ягона Хитой» тамойилини ва Хитой ҳамда АҚШнинг учта қўшма баёнотини жиддий равишда бузади, Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларга жиддий зарар етказади, шунингдек, Тайван бўғозида тинчлик ва барқарорликка таҳдид солади. 

Мавзуга оид