Ўзбекистон | 11:20 / 24.12.2019
6970
2 дақиқада ўқилади

Москва - Андижон - Москва йўналишида авиақатновлар амалга оширила бошланди

Фото: Flickr

“Андижон” халқаро аэропорти давомли танаффусдан сўнг, Uzbekistan Airports АЖ саъй-ҳаракатлари билан ўз фаолиятини қайта тикламоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси авиацион ҳукумати томонидан олинган рухсатга мувофиқ, жорий йилнинг 22 декабридан Россиянинг “ИрАэро” авиакомпанияси “Супержет-100” самолётида Москва-Андижон-Москва йўналишидаги рейсларни амалга ошира бошлади.  

“ИрАэро” – Россия Федерациясининг 1999 йилда асос солинган авиакомпанияси. Авиакомпания мунтазам равишда бутун Россия ҳамда яқин хорижий мамлакатлар ҳудудлари бўйлаб йўловчиларни ташиш билан шуғулланади. 

Фарғона водийсининг транспорт тармоқларидан бири ҳисобланган Андижон аэродроми 1954 йилда қурилган. Охирги мунтазам рейс – Андижон-Тошкент йўналишида ўтган йилнинг октябрь ойида ВС Boeing-757 ҳаво кемасида амалга оширилган.

Uzbekistan Airports АЖ Транспорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан хорижий сайёҳларни республикага жалб қилишга доир қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон аэропортларига авиарейслар сонини ошириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича фаол ишлашда давом этади, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид