Ўзбекистон | 12:52 / 24.12.2019
5239
4 дақиқада ўқилади

Сайлов жараёни давомида 450дан зиёд сайлов билан боғлиқ интернет маълумотлари жамланган – Ниғматилла Йўлдошев

Сайлов жараёнида аниқланган қонунбузилишларига ўз вақтида қонуний чора кўрилиши учун Бош прокуратура қошида ва ҳудудий прокуратура органларида ташкил этилган штаблар томонидан сайлов жараёни давомида 450дан зиёд сайлов билан боғлиқ интернет маълумотлари жамланган. Айни пайтда ОАВ ва интернетда сайловга оид қонун бузилиши ҳақида эълон қилинган хабарларни ўрганиш давом этмоқда. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев 23 декабрь куни Халқаро матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Матбуот анжуманида 2019 йилнинг 22 декабрида прокуратура органларига фуқаролар, хусусан, сайловчилар ҳамда номзодлардан 44та мурожаат келиб тушгани, уларнинг биттасида парламент Қонунчилик палатаси, 43тасида маҳаллий Кенгашларга ўтказилаётган сайловларга боғлиқлиги аниқлангани билдирилди.

«Мурожаатларнинг 16тасида сайлов комиссиялари томонидан фуқароларга сайловга таклифномалар ва овоз бериш учун сайлов бюллетенлари берилмагани баён этилган. Бундай мурожаатлар тезкорлик билан кўриб чиқилиб, сайловчиларнинг сайлаш ҳуқуқи рўёбга чиқарилди. Сайлов кодексининг 27-моддасига кўра, сайловчилар рўйхатига сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар киритилади. Шу муносабат билан, доимий ёки вақтинча яшаш жойлари бошқа ҳудудларда бўлган фуқароларга ўзлари сайловчи сифатида рўйхатга киритилган ҳудудлардаги тегишли сайлов участкаларига мурожаат қилишлари лозимлиги тушунтирилди», дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, 12та мурожаатда участка сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов қонунчилиги талаблари бузилгани, номзодларнинг ишончли вакиллари овозларни ҳисоблашда иштирок эта олмагани, комиссия аъзолари қўпол муносабатда бўлгани, айрим сайловчилар учун навбатсиз овоз бериш имконияти берилгани ҳақида важлар баён этилган ва прокуратура аралашувидан сўнг тезкорлик билан масалалар ўз ечимини топган.

Тадбирда 7та мурожаатда фуқаролар томонидан овоз бериш ва сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ҳамда тартиби бузилгани ҳақидаги важлар келтирилгани айтилди.

«Хусусан, Бош прокуратура ишонч телефонига Бувайда туманидан Мамадали Уматалиев мурожаат қилиб, тумандаги 279-сонли сайлов участкасида айрим сайловчилар бир неча фуқаро номидан оммавий овоз берганини кўрсатди. Мурожаатни кўриб чиқишда, 22 декабрь куни соат 12:30ларда Бувайда туманида яшовчи фуқаро Лутфулло Холматов 279-сонли сайлов участкасида 20 дона сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташламоқчи бўлган вақтида кузатувчилар томонидан тўхтатиб қолингани ҳамда ундаги

сайлов бюллетенлари олиб қўйилгани аниқланди.

Яна бир фуқаро Гафур Абдилакимов ўз мурожаатида Чилонзор туманидаги 545-сонли сайлов участкасида фуқаро бир неча шахс номидан овоз бермоқчи бўлганини билдирган. Ўрганишда, 22 декабрь куни соат 15:30ларда Чилонзор туманида яшовчи Нодир Бахтиёров 545-сайлов участкасига келиб, тўлдирилган 14 дона сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташламоқчи бўлганида, кузатувчи шахс томонидан тўхтатилиб, ҳолат юзасидан далолатнома тузилгани аниқланди.

Ҳозирда Бахтиёровга тазйиқ ўтказилган–ўтказилмагани, агарда тазйиқ ўтказилган бўлса, бу ҳаракатлар айнан ким томонидан содир этилгани ва ишга алоқадор бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда, бунинг натижалари ҳақида кенг жамоатчиликка маълум қилинади», деган Ниғматилла Йўлдошев.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, Андижон, Жиззах, Навоий, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан 1тадан, Наманган вилоятидан 2та, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидан 4тадан, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидан 5тадан, Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида 9тадан сайлов билан боғлиқ мурожаат Бош прокуратурага юборилган.

Аввалроқ Бош прокуратурага сайловга оид 65та мурожаат бўлгани, шундан 24таси Сурхондарёдан келиб тушгани айтилган эди.

Сайлов қонунчилигини бузгани учун ҳозирга қадар 2 нафар маъмурий, қўпол қонунбузилишлар юзасидан 2та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид