Жаҳон | 23:53 / 24.12.2019
8760
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ливияда Ҳафтарни қўллаб-қувватлаётган қатор давлатларни танқид қилди

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин

Қатор давлатлар, жумладан Россия, БАА ва Мисрнинг маршал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясига ҳарбий кўмак бериши Ливиядаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермайди, деди Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Қалин.

Туркия парламенти ўтган шанба куни Триполидаги ҳукумат билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған агарда Ливия ҳукумати илтимос билан чиқадиган бўлса, бу мамлакатга турк ҳарбийлари юборилиши мумкинлигини айтганди.

"Триполига апрелдан буён сулҳ битимини бузган ҳолда ҳужум қилинмоқда. Бунга Туркиядан бошқа ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Россия, БАА, Миср у ерга танклар, снарядлар, бошқа қуролларни юбормоқда, Ҳафтарни очиқчасига қўллаб-қувватламоқда. Бу вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермайди", - деди Қалин.

У шунингдек, Туркия парламенти Ливияда мамлакат қуролли кучларидан фойдаланиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди.

"Дунёдаги ҳодисаларга мувофиқ равишда Ливияда Туркия қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат олиш зарурати туғилиши мумкин. Бу парламентнинг ваколати. Аммо вазиятга қараб бундай қарор қабул қилиниши мумкин, бу ҳарбийларни ўқитиш ва гуманитар миссиялар бўлиши мумкин", - деди Иброҳим Қалин.

У Туркия парламенти ана шундай қонун лойиҳаси устида иш олиб бораётганини қўшимча қилди.

2011 йилда Ливия раҳбари Муаммор Қаззофий ўлдирилганидан кейин Ливия ягона давлат сифатидаги мавжудлигини йўқотди. Ҳозирда мамлакатда қўшҳокимият ҳукм сурмоқда. Шарқда халқ сайлаган парламент, ғарбда, пойтахт Триполида эса БМТ ва Евроиттифоқ қўллаб-қувватлаши остида шакллантирилган ҳукумат ҳокимият тепасида.

Мавзуга оид