Ўзбекистон | 15:17 / 27.12.2019
14514
3 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Хитойдаги ваколатхонасида ишловчилар қанча маош олиши маълум бўлди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Хитой Халқ Республикасидаги Ваколатхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Пекин шаҳрида ташкил этилган ваколатхонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланди:

олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича “йўл хариталари”га киритилган ХХР билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий- техник ҳамкорлик соҳасидаги аниқ лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишини ва самарали мониторинг олиб борилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари ва инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизация қилишга хорижий инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ва молиявий-техник кўмак дастурлари, ХХРнинг инвестиция фондлари ва молия институтлари жалб этилишини таъминлаш, шунингдек, улар самарали ўзлаштирилишига кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотлари ва хизматлари ХХР бозорига олиб кирилишини ташкил этиш ҳисобига маҳаллий товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмларини ошириш, ўзаро товар айланмаси номенклатурасини кенгайтиришга кўмаклашиш;

ХХР провинциялари маъмуриятлари ва ташкилотлари билан Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйишни тизимли ташкил этиш;

салоҳиятли инвесторларни излашда узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатиш, савдо ва инвестиция шартномаларини тузиш, ишбилармон доиралар иштирокида музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва тадбиркорликнинг бошқа шаклларини ривожлантириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун лойиҳа таклифлари ва бошқа зарур материалларни тайёрлашда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо юкларини ташиш ва транзит қилиш учун имтиёзли режимларни қўллаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Ваколатхона фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.

Белгиланишича:

Ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳисобот беради ва ўз фаолиятини вазирнинг умумий раҳбарлиги остида амалга оширади;

Ваколатхонага Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

Ваколатхона директори ўз даражаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг ХХРдаги элчихонаси маслаҳатчиси лавозимига тенглаштирилади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан яқин ҳамкорликда амалга оширади;

Ваколатхона Ўзбекистон Республикасининг ХХРдаги хорижий ташкилотларига республикага инвестицияларни, асосан тўғридан-тўғри инвестицияларни, молиявий-техник кўмак маблағларини ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товарлари экспортини рағбатлантиришда, шунингдек, туристлар оқимини жалб қилиш масалаларида ҳар томонлама кўмаклашади.

Мавзуга оид