Ўзбекистон | 00:39 / 28.12.2019
10855
4 дақиқада ўқилади

2019 йилда маст ҳайдовчиларнинг айби билан 119 та ЙТҲ содир этилиб, 56 нафар фуқаро ҳалок бўлган – ИИВ

2019 йилнинг ўн бир ойида маст ҳайдовчиларнинг айби билан 119 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 56 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 104 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Йилнинг ўтган даврида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 31605 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлиги аниқланган. Бу ҳақда бугун, 27 декабрь куни ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.

ИИВ ЙҲХББ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровнинг айтишича, ана шундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида маст ҳолатда машина бошқарган ҳайдовчиларнинг мастлигини тезкорлик билан аниқлаш учун замонавий технологиялардан фойдаланишга ўтилмоқда.

Эрали Бозоров

“Янги тартибга кўра ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув икки хил тартибда амалга оширилади. Биринчиси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда текширилган, Ўзстандарт агентлиги томонидан сертификатланган махсус техник восита — алкотестер  ёрдамида амалга оширилади. Иккинчиси, ҳайдовчи техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради ва   бу иш яъни тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларининг масъул ходимлари томонидан ўтказилади”, дея Эрали Бозоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, хизмат олиб бораётган ходим томонидан тўхтатилган транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши, унинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги яъни чайқалиб туриши, нутқининг бузилганлиги, қўл бармоқларининг қалтираши, юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги каби ҳолатлар уни текшириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

“Алкотестер” ёрдамидаги текширув қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади. Белгиланган тартибга кўра текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда, ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади. Агар ДЙҲХХ ходимида кузатув камераси (body camera) бўлса  гувоҳлар бўлиши шарт эмас.

Илҳом Идиров

“Алкотестер” – бу ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник воситадир. Текширув чоғида ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади ҳамда транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади”, дейди ИИВ ЙҲХББ бош инспектори Илҳом Идиров.

Аввалроқ ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов ҳозиргача 109та “Алкотестер” қурилмаси олиб келингани, 2020 йилда яна 245тасини сотиб олиш режалаштирилгани, келгусида ДЙҲХХ ходимларининг барчасини шундай мосламалар билан таъминланишини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳайдовчида алкогол миқдори 0,135 миллиграмм ва ундан юқорилиги аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси билан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга автомобил ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдоридан 25 бараваригача жарима солишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид