Туркия Сомалидан терактда жароҳатланган 45 кишини олиб чиқди
Туркия қуролли кучларининг транспорт самолёти Сомалидан пойтахт Могадишодаги теракт вақтида оғир жароҳат олган 45 кишини олиб чиқиб кетди. Жароҳатланганлар Туркиядаги госпиталларга жойлаштирилади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берган.
Шу самолёт билан Сомалига Могадишодаги шифохоналарда қолаётган одамлар учун тиббий қурилмалар ва дори-дармон етказилган.
Маълумотларга кўра, 28 декабрда Могадишо жанубидаги назорат-ўтказиш пункти яқинида юк машинаси портлатилиши оқибатида 79 киши ҳалок бўлган, 149 киши яраланган. Бу рақамлар якуний бўлмаслиги мумкин.
Туркия ташқи ишлар вазирлиги теракт қурбонлари орасида 2 нафар туркиялик борлигини тасдиқлаган. Сомали оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, воқеа вақтида назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлган турк муҳандислари жабрланган.
Сомали президенти Муҳаммад Абдуллоҳи Муҳаммад ушбу терактга “Аш-Шабоб” радикал гуруҳи алоқадорлигини айтган. Бироқ ҳозирча бирорта террорчилик гуруҳи ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Туркия Қатар билан бир қаторда Сомалининг шаҳар инфратузилмасига сармоя қиритган йирик инвесторлардан ҳисобланади. Мамлакатда кўплаб турк мутахассислари фаолият юритади. Шунингдек, мамлакат жанубида Туркия қуролли кучларининг Кэмп-Турксом ҳарбий базаси жойлашган бўлиб, унда сомалилик ҳарбийлар тайёрланади.