Ўзбекистон | 20:34 / 30.12.2019
30081
4 дақиқада ўқилади

Омбудсман: «Муҳожирлар учун сотиб олинаётган авиачипталар пулига завод қурса бўлмайдими?»

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев 30 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги мажлисида Россиядаги ўзбек мигрантлари муаммоларига тўхталди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Омбудсман Москва шаҳридаги ўзбек муҳожирлари сақланаётган марказ ҳақида батафсил гапириб ўтган.

«17 декабрь ҳолатига марказда 180 нафар Ўзбекистон фуқароси мавжуд эди. Умуман олганда, бир ойда тахминан 3,5 минг атрофида одам йиғиларкан: чиқиб кетади, яна жойлаштиришади.

Биз улар билан учрашдик, суҳбат қилдик. Энг муаммоли масалалардан биринчиси: паспорти йўқ, ёки ўзлари атайлаб йўқотишган. Ўзбекистонга улар сўровлар жўнатдик дейишяпти. «Уларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани тасдиқланса, биз чиқариб юборамиз» дейишяпти.

Марказда сақланаётган ўзбек муҳожирлари томонидан билдирилган иккинчи масала – Москва шаҳридаги ўзбекистонлик фуқаролар ўз ватандошлари, яъни ўзбек мигрантларидан ишлаш, яшаш учун рухсатнома қилиб бериш ва кўплаб бошқа сабабларни келтирган ҳолда пул олиб, уларни алдашмоқда. Бундай фуқаролар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан ана шу ерга жойлаштириляпти.

Марказда сақланаётган яна бир тоифадаги шахслар – Москва судининг кўрсатмаси билан жарима тўлаши керак, бироқ уни тўлаш учун пуллари йўқ бўлган фуқаролар. Марказдагилардан сўрасак, «Қачон жарима пулини тўласа, чиқариб юборамиз» дейишяпти. Қайтиб келиб, Ички ишлар вазирлигига [мазкур масалани] киритдик.

У ердаги 180 нафардан 5 нафари 1 йилдан ортиқ ушлаб турилибди. Бир йилдан бери ўша жойда, худди қамоқхонадек. Лекин улар на чиқиб кета олади, на уларни жўнатиб юбора олишади. Биз бу бўйича Ички ишлар вазирига [хат] киритиб, бир қисм фуқароларга паспортини тезроқ ҳал қилиш ва жўнатиб юборишни сўрадик», – деди Улуғбек Муҳаммадиев.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Россияда чегарадан ўтиш жараёнида кузатилаётган муаммога ҳам тўхталди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари икки хил – яшил ва қизил паспорт сабабли чегарада бир соатгача ушлаб қолиняпти ва савол-жавоб қилиняти.

Муаммонинг ечими сифатида Омбудсман Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликларидан Россия ҳукуматига Ўзбекистонда икки хил (яшил ва қизил паспортлар) мавжудлиги ҳақида расмий ҳужжат киритиш ҳақида сўради ва уларга [Россия томонига] маълумот бериш кераклигини айтди.

Омбудсман, шунингдек, Россиядаги ўзбек мигрантларига давлат томонидан авиачипталар сотиб олиниб, уларнинг ватанга юборилиши учун қанча маблағ сарфланаётгани бўйича ҳисоб-китоблар мавжудми, дея комиссия аъзоларига мурожаат қилди. 

«Бу маблағларнинг ўрнига бирор-бир завод қуриб, ишчи кучини шу ерда яратсак бўлмайдими, деган савол туғиляпти. Чунки 3,5 минг нафар – бу фақат Москва шаҳрига борувчилар холос. Яна Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам [бундай марказлар] бор. Ҳаммасига авиачипта олиб жўнатяпти – жуда ҳам катта маблағ. Буни ҳам кўриб чиқиш керак», – деб таъкидлади Улуғбек Муҳаммадиев.

Эслатиб ўтамиз, кеча Kun.uz Санкт-Петербургдаги Мигрантларни вақтинча сақлаш маркази ҳақида батафсил мақола эълон қилган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов шу масалада муносабат билдириб, «3 йил олдин бу билан ҳеч ким шуғулланмаган»ини айтганди.

Мавзуга оид