Ўзбекистон | 22:27 / 31.12.2019
6836
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори» институти жорий этилади

Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 1 июлдан бошлаб “фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” институтини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди. 

Қуйидагилар “фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” институтининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар томонидан рецептларни ёзиш ва дори воситаларининг савдо номи учун чекланган нархларни шакллантириш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга ташриф буюриш, телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобил иловалар орқали мурожаат қилиш, шунингдек, бошқа масофавий усуллар орқали маълумот тўплаш ва мониторинг олиб бориш;

маълумот тўплаш ва мониторинг қилишга тегишли ваколатли органлар ходимларини ҳам, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа шахсларни (“сирли харидорлар”) ҳам жалб этиш;

тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар раҳбарлари ва (ёки) ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳамда ваколатларини суиистеъмол қилишга ундовчи усуллардан фойдаланишини тақиқлаш;

қонунчилик талабларини биринчи марта бузган тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва (ёки) ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўлламасдан, тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш;

“фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” институтини жорий этиш доирасида ўтказилган мониторинг натижалари асосида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид