Жаҳон | 21:40 / 03.01.2020
8325
3 дақиқада ўқилади

Туркияда Ливияга ҳарбийлар юборишга рухсат берувчи қонун кучга кирди

Туркия яқин икки кун ичида Ливияга ҳарбийларнинг биринчи гуруҳини юборади.

© Presidential Press Service via AP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған туркиялик ҳарбийларни Ливияга жўнатишга рухсат беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ратификация қилди. Қонун Resmi Gazete нашрида эълон қилиниб, расман кучга кирган.

Шу кунларда Туркия парламенти  ҳужжат лойиҳаси учун парламентнинг 325 нафар депутати овоз берганди. Мухолифатдаги 184 депутат қарши бўлган.

Тахмин қилинишича, Туркия аввалига Африка шимолига Ливия Миллий келишув ҳукумати ҳарбийларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказувчи мутахассисларни юборишни режалаштирган. Бундан ташқари, Анқара бу мамлакатга Туркияда ишлаб чиқарилган қуролларни етказиб бериши мумкин.

Al Arabiya телеканали ўз манбасига таяниб хабар қилишича, Туркия дастлабки ҳарбийларини икки кун ичида Ливияга жўнатмоқчи.

Айни пайтда Ливияда параллель равишда иккита ижро ҳокимияти органи фаолият олиб бормоқда: Фаёз Сарожнинг БМТ томонидан тан олинган Триполидаги Миллий келишув ҳукумати ва мамлакат шарқидаги Бенғози шаҳридаги парламент билан биргаликда амалда бўлган ва фельдмаршал Халифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланаётган Абдулла Абдураҳмон ас-Сонийнинг муваққат маҳкамаси.

Ливия давлати 2011 йилда НАТО кучларининг 8 ой давом этган бомбардимонлари натижасида ўз мавжудлигини йўқотган. Ўшандан буён бу минтақада фуқаролик уруши давом этмоқда. Россия, Франция, Миср, БАА каби давлатлар кўмагидаги Халифа Ҳафтар 5 йилдан буён Ғарбдаги ҳукуматга қарши курашиб келади. Унинг армияси 2018 йилнинг апрелида Триполи томон юриш бошлаган, 12 декабрь куни унинг қуролли кучлари пойтахт учун ҳал қилувчи жангга киришаётгани маълум қилинганди. Ливия миллий армияси қўмондонлиги мамлакатга ҳар қандай бошқа давлатнинг кириб келишига қарши туришини бир неча бор таъкидлаган ҳамда Туркиянинг ҳарбий ёрдам ортилган кемаларини чўктириб юбориш ва юк самолётларини уриб тушириш билан таҳдид қилган.

23 декабрь куни Ливия Миллий келишув ҳукумати раҳбари Фаёз Сарож Анқарага ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилганини тасдиқлади. Ноябрь ойида Туркия ва Ливия ўртасида имзоланган ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ерусти, денгиз ва ҳаво операцияларида техникалар, қурилмалар ва қурол-яроғ етказиб беришни кўзда тутади.

Туркия президенти эса Ливия ҳудудида русларнинг «Вагнер» хусусий ҳарбий кампаниясининг 2 мингга яқин ҳарбийси мавжудлигини айтиб (ОАВ маълумотига кўра, россиялик ёлланма ҳарбийлар 2019 йил кузида Ҳафтарк кучларига ёрдам бериш учун етиб келган), агар Ливия ёрдам сўраса, Туркия ҳарбийларини юборишга тайёрлигини маълум қилганди.

Мавзуга оид