Жаҳон | 17:00 / 05.01.2020
38084
2 дақиқада ўқилади

Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди

© AP Photo / Ebrahim Noroozi

Расмий Теҳрон Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний америкалик ҳарбийларнинг Ироқдаги амалиёти натижасида ўлдирилиши муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди. Бу ҳақда Эрон ТИВ расмий вакили Аббос Мусавий маълум қилган.

«Ташқи ишлар вазирлиги аллақачон сиёсий, юридик ва халқаро чораларни кўрди, шу жумладан БМТ Хавфсизлик Кенгаши даражасида», — деган у.

3 январь куни Эроннинг ташқи сиёсатдаги бош стратеги бўлган генерал Қосим Сулаймоний ҳамда Ироқдаги шиа ҳарбий гуруҳлари қўмондони Абу Маҳдий ал-Муҳандис Бағдоддаги халқаро аэропорт яқинида америкалик ҳарбийларнинг ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди.

Пентагон Сулаймоний Яқин Шарқдаги Америка фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШ президенти Дональд Трамп кўрсатмасига асосан ўлдирилганини маълум қилди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий генералнинг ўлими учун қаттиқ қасос олинишини маълум қилган.

Трампнинг ўзи Сулаймонийни жаҳондаги биринчи рақамли террорчи деб атаб, унинг миллионлаб одамлар, хусусан, минглаб америкаликлар ўлими ва жароҳатлари учун жавобгар эканини таъкидлади.

Бундан аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон америкаликларга ёки Қўшма Штатлар объектларига ҳужум қилса, Эрондаги 52 та объектга зарба берилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Жаҳон ҳамжамияти томонларни вазминликка чақирмоқда.

Мавзуга оид