Ўзбекистон | 11:13 / 06.01.2020
8236
3 дақиқада ўқилади

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари белгиланди

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Агентликка бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига учта автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда Агентликни зарур алоқа, жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминлайди.

Агентлик Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Истиқлол кўчаси, 29-уйда жойлаштирилади.

Ҳужжат билан тасдиқланган Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомга кўра, агентлик суғурта бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда суғурта муносабатлари барча иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди, шунингдек, ўз фаолиятида Молия вазирлигига ҳисобот беради.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

суғурта бозорининг ишлаши ва унинг профессионал иштирокчилари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини, шу жумладан суғурта фаолияти соҳасидаги статистик ва молиявий кўрсаткичларни мунтазам эълон қилиш йўли билан таъминлаш;

суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта муносабатларининг бошқа иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг суғурта бозорига ишончини оширишга ва жамиятда суғурта маданиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

суғурта бозори мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элда, шунингдек, халқаро даражадаги экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этишга кўмаклашиш;

суғурталовчиларнинг тўлов қобилияти, суғурта захираларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича мажбурий норматив ва талабларни белгилаш, шунингдек, самарали суғурта фаолиятини ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан суғурта фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича белгиланган норматив ва талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

суғурталовчилар (қайта суғурталовчилар) ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш, актуарийлар фаолиятини сертификатлаш;

суғурта бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари фаолиятининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, масофавий назорат қилиш ва тезкор онлайн-мониторингини олиб бориш бўйича интеграциялаштирилган ахборот тизимини шакллантириш ва юритиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган суғурта хизматларининг талаб юқори бўлган анъанавий турларини ривожлантиришга ва янги турларини жорий қилишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида суғурта ҳимоясини кучайтириш;

хорижий давлатларнинг ўхшаш тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан суғурта фаолияти соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш.

Мавзуга оид