Жаҳон | 21:57 / 06.01.2020
115855
14 дақиқада ўқилади

Сулаймонийнинг вориси. «Ал-Қудс»нинг янги қўмондони ҳақида нималар маълум?

АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилган Қосим Сулаймоний ўрнига Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмасига генерал Исмоил Ғани қўмондонлик қиладиган бўлди.

«Би-би-си» у кимлиги ва у ҳақда нималар маълумлиги ҳақида материал тақдим этди.

«Биз барчамиз - уруш болаларимиз. Биз жанг майдонида сафдошлар эдик ва биз жанг майдонида дўстлашдик», дейди Ғани Сулаймоний билан муносабатлари ҳақида.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси тўғридан-тўғри бўйсунадиган Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий 4 январь куниёқ «Ал-Қудс»га Исмоил Ғани раҳбарлик қилишини эълон қилди ва уни Эрондаги энг етакчи қўмондонлардан бири сифатида таърифлади. Оятуллоҳ Ғанининг бошқаруви даврида ҳам «Ал-Қудс» Сулаймоний давридаги каби қудратини сақлаб қолишига ишонч билдирди.

Ғани кўп йиллар давомида сояда бўлган - у маҳаллий нашрларда ҳам, Ғарб нашрларида камнамо бўлиб келган.

У 1957 йилда Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида туғилган, худди Қосим Сулаймоний каби мамлакатда шоҳ ҳукмронлигига якун ясаган 1979 йилги инқилобдан кейин Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига аъзо бўлиб кирган. У Сулаймоний каби Эронда шоҳ ағдарилишидан кейин кўтарилган курдлар исёни шафқатсизлик билан бостирилишида иштирок этган.

Кейин 1980-1988 йилларда миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган Эрон-Ироқ урушида иштирок этган, қурбонларнинг аксари Ироқ позицияларига бостириб борган енгил пиёда жангчилар эди. Ғани бу жанглардан омон қолган, чунки у пиёда эмас, қўшин қўмондонларидан бири эди.

«Кўнгиллилар жангга кирганлар ҳалок бўлаётганини кўриб турарди, аммо биз буйруқ беришимиз билан улар иккиланмасдан олдинга юрарди», дея эслайди кейинчалик Ғани.

«У уруш вақтида юлдузи порлаган кўплаб қўмондонлардан бири эди», дея уруш вақтида Ғани қўл остидаги батальонда хизмат қилган машҳадлик собиқ аскарнинг сўзларини келтиради Financial Times.

У урушдан омон қолди ва «Ал-Қудс»га кириб, Сулаймоний билан бирга ишлай бошлади ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг разведка амалиётларига бошчилик қилди.

Times of Israel нашрининг ёзишича, Сулаймоний асосан Эрондан ғарбдаги ҳудуд бўйича ишлаган, Ғани эса шарқий йўналишга масъул бўлган, жумладан, Афғонистон ва Покистон. Эрон давлат нашрларида унинг фаолиятига оид ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Агар Теҳрон чиндан ҳам Сулаймонийнинг ўлими учун жавоб қайтарадиган бўлса, бу жавоб режаси айнан Ғани томонидан ишлаб чиқилади.

Аммо ҳозирча Ғани Эрон ичкарисида Сулаймоний каби эҳтиромга эриша олиши даргумон. Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний шанба куни «Сулаймонийнинг ўрнини босиш имконсизлиги, у нафақат йирик ҳарбий амалиётларни бошқара олувчи қўмондон, балки уддабурон сиёсатчи ва истеъдодли стратег бўлгани» ҳақида гапирди.

2012 йилда АҚШ Молия вазирлиги Ғанига қарши санкция қўллаган, уни Эрон таъсиридаги прокси кучларни молиялаштиришда айблаганди. Ўшанда Нигериянинг Лагос шаҳри портида Эрондан келган кемада ҳужжатларда айтилганидек тош плиталар ва шиша буюмлар эмас, қурол-яроғ топилганди.

Контейнерлар очиб текширилганида, Эрон ҳукумати вакиллари Африканинг бу қисмига «Катюша» ракеталари, автоматлар ва бошқа қуроллар учун ўқлар юборгани аниқланганди.

Ўша 2012 йилда Ғани АҚШ Давлат департаментининг ўша вақтдаги расмийси Виктория Нуландни у Эрон кучлари Сурияда бўлиши минтақадаги зиддиятни кучайтириши ҳақидаги гаплари учун қаттиқ танқид қилиб чиққанди.

«Ал-Қудс» қўмондони ўринбосари улар Башар Асад кучларига ёрдам бериб, уларни ўқитаётганликларидан фахрланишарди. Қаранг, бу нимага олиб келди», деганди у.

2015 йилда Ғани Эрон Фаластинга Исроилга қарши курашиши учун ракеталар ва бошқа қуроллар етказиб бериши ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганди.

«АҚШ ва Исроил ҳарбий қудратда Эрон билан рақобатлашиш учун ожизлик қилади. Бу қудрат Фаластин мухториятининг мазлум халқи билан бирга ракеталар ва бошқа қуроллар кўринишида ўзини намоён этади», деганди ўшанда у.

Генерал Қосим Сулаймоний тарихи

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» номли махсус илғор бўлинмаси қўмондони бўлган Қосим Сулаймоний Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсирини кенгайтиришдаги асосий шахс эди, у Теҳроннинг бу минтақадаги асосий рақиблари АҚШ, Саудия Арабистони ва Исроилга қарши курашларда муҳим вазифаларни бажариб келган.

У 1957 йилда Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳрида, деҳқон оиласида туғилган. У мактабнинг 5-синфидан кейин ўқишни ташлаган ва 13 ёшидан қурилиш майдонларида ишлай бошлаган. У бўш вақтларида оғир атлетика билан шуғулланган ва Эроннинг ҳозирги олий раҳнамоси Али Хоминаийнинг ваъзларига қатнаган.

1979 йилги инқилоб вақтида 22 ёшли Сулаймоний ўзининг ҳарбий соҳадаги фаолиятини бошлайди. У Эрон ҳарбий доиралари ичига киради ва дарҳол Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзолигига ёзилади. Foreign Policy маълумотига кўра, у тактик тайёргарликларнинг олтинчи ҳафтасидан кейиноқ ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ топшириқ олган.

1980 йилдан 1988 йилгача давом этган Ироқ-Эрон урушида у ўз отряди билан иштирок этиб, ўзини ақлли тактик ва жасур йўлбошчи сифатида намоён этган ҳамда урушдан қаҳрамон сифатида чиққан. Урушдан кейин у хорижда ўтказиладиган амалиётларга раҳбарлик қила бошлайди. Хусусан, Афғонистон билан чегара ҳудудида наркотрафикка қарши курашга бошчилик қилади.

1998 йилда у «Ал-Қудс» қўмондонига айланади, дастлабки йилларда махфий тарзда ҳаракатланган Сулаймоний Эроннинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», Суриядаги Асад кучлари ва Ироқдаги шиа гуруҳлари билан алоқаларини мустаҳкамлайди. Унинг қўмондонлиги даврида «Ал-Қудс» Эрондан ташқарида ўз таъсирини жиддий даражада (разведка, молиявий ва сиёсий жабҳаларда) кенгайтирди.

«Ҳизбуллоҳ» айнан «Ал-Қудс»нинг кўмаги билан 1983 йили АҚШнинг Байрутдаги, 1992 ва 1994 йилларда эса Исроилнинг Буэнос-Айресдаги элчихоналарига ҳужумлар уюштирган. Бу ҳужумлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлиб, юзлаб кишилар жароҳатланган.

2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ Афғонистонга кирганида Сулаймоний америкаликларга бу мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатларда ёрдам кўрсатади ва разведка маълумотларини тақдим этади (шиалар Эрони суннийлардан иборат «Толибон» билан ўзаро душман). Аммо кейинроқ АҚШ-Эрон муносабатлари совуқлашгач, Давлат департаменти Сулаймонийни Ироқда Саддам Ҳусайн режимини ағдариш вақтида юзлаб америкалик ҳарбийларнинг ҳалок бўлишида айблайди.

Суриядаги урушга таъсири
Сулаймонийнинг муваффақиятларини қонли ҳодисалар билан эслашади. 2012 йилда Болгариянинг Бургас шаҳрида «Ҳизбуллоҳ» аъзоси бўлган террорчи худкуш исроиллик сайёҳлар автобусида ўзини портлатиши натижасида 5 киши ҳалок бўлади. Ундан бир йил аввалроқ Саудия Арабистонининг ҳозирги Ташқи ишлар вазири, ўша вақтда АҚШдаги элчиси бўлган Одил ал-Жубайрга суиқасд уюштирилган, у омон қолганди. Бу ҳужумлардан ташқари, Сулаймоний 2006 йилда Ливандаги маҳаллий шиа гуруҳларининг Исроилга қарши 33 кун давом этган «Иккинчи Ливан уруши»ни ташкиллаштирган. Шунингдек, АҚШ уни 2011 йилда Венесуэлада мухолифат билан зиддият вақтида Уго Чавес томонида туриб вазиятга аралашганликда айблаган.

2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганида Сулаймоний «Ҳизбуллоҳ»га ва бошқа шиа гуруҳларга Башар Асад ҳукумати томонида туриб жанг қилишни буюрган. ИШИДга қарши уруш вақтида Ироқдаги Халқ сафарбарлик кучлари ҳам унинг кўрсатмаларига кўра ҳукумат томонида туриб жанг қилган.

Маълумотларга кўра, у 2015 йилда Москвага ташриф вақтида Россия президенти Владимир Путинни Сурияга киришга ва Асад ҳукуматига мухолиф кучларга қарши курашда ёрдам беришга кўндирган. Бу аралашув Россиянинг янги тарихидаги муҳим воқеалардан ҳисобланади, Россия муқаддам ҳеч қачон араб давлатлари ҳудудида ҳарбий ҳаракатларга киришмаганди.

Сулаймонийнинг Москвага ташрифи Россиянинг ҳарбий интервенциясини режалаштиришдаги муҳим қадам бўлган ва Суриядаги урушнинг ривожини буткул ўзгартириб юбориб, Асадни қўллаб-қувватлайдиган янги Эрон-Россия альянси тузилишига олиб келган.

ИШИД билан кураш
Кўпчилик унинг ИШИДга қарши урушдаги ҳиссасини эътироф этади. 2014 йилдан 2017 йилга қадар давом этган жанглар Эрон ва АҚШ бир томонда туриб уришган камдан-кам ҳолатлардан эди.

Уруш даврида АҚШ бошчилигидаги коалиция ва генерал Сулаймоний қўшинлари биргаликда ИШИД позицияларига зарба берган ҳолатлар кўп бўлди.

Теҳрон университетидаги Америка тадқиқотлари бўлими раҳбари Муҳаммад Морандийнинг айтишича, ИШИД устидан қозонган ғалабаси Сулаймонийни эронликлар ва Яқин Шарқнинг бошқа халқлари назарида миллий қаҳрамон қилиб кўрсатади.

«Агар у каби одамлар бўлмаса, бу минтақа бутун ҳудудида қора байроқларни кўрарди», - дейди у «ИШИД»чилар байроғини назарда тутиб.

2014 йилда ИШИД Ироқнинг учдан бир қисмини босиб олганида дастлаб Эрон ва ҳудуддаги эронпараст кучлар жангариларга қарши курашга киришганди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда генерал Сулаймонийнинг ҳарбий формада жанг майдонида тушган сурати тарқалган, уни Эронда шарафлай бошлашган, мамлакатнинг бўлажак президенти сифатида кўра бошлашганди. Аммо у ўзини фақат аскар сифатида кўришини таъкидларди.

Ўлими ҳақидаги миш-мишлар
Бир неча йил муқаддам Эронда генерал Сулаймоний сиёсатга ҳам кириб келиши ҳақида гапира бошлаганди. Уни энг ҳалол ва коррупциядан холи арбоб сифатида 2017 йилда Эрон президентлиги учун сайловларда қатнашишга чақиришганди. Дастлаб интернетда пайдо бўлган чорловлар бора бора Эрон парламенти спикери ўринбосари даражасига чиққан, у генералнинг сиёсат бўйича билимлари «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насраллоникидан кам эмаслигини эътироф этганди.

Аммо шундоқ ҳам Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таъсири кенгайиб бораётганидан ташвишга тушган кучлар бу ғояга қаттиқ қаршилик кўрсатишган.

ОАВда бир неча марта Сулаймонийнинг ўлими ҳақида хабарлар чиққан. Уни биринчи марта 2006 йилги авиаҳалокатдан кейин «дафн этишган», ўшанда Эроннинг бошқа ҳарбий қўмондони вафот этганди. 2012 йилда у Дамашқда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалган, аммо ўшанда аслида Башар Асаднинг яқин ёрдамчиларидан бири фожиага йўлиққани маълум бўлганди. 2015 йилнинг ноябрида ҳам Суриянинг Ҳалаб шаҳри учун жангларда Сулаймоний ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Ўз вақтида кичик Жорж Буш ва Барак Обама ҳам Сулаймонийни ўлдиришни режалаштирган, аммо улар кенг кўламли уруш бошланишидан хавфсираган ҳолда бундай қарордан воз кечишганди. Бундан ташқари, Исроил ва Саудия Арабистони разведка хизматларининг Сулаймонийни ўлдириш учун уюштирган суиқасдлари муваффақиятсизликка учраган.

Ўлимгача ва ўлимдан кейин
31 декабрь куни Американинг Бағдоддаги элчихонаси бир неча минг киши томонидан қамал қилинди. Улар бир неча кун аввалроқ АҚШ ҳарбийлари шиаларнинг Ироқ Халқ сафарбарлик кучлари позицияларига берилган зарбаларига қарши норозилик намойиши ўтказишганди. Намойишчиларнинг айримлари дипломатик миссия биноси дарвозаларини бузиб ўтди ва ичкарига кирди. 

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни ушбу ҳужумни ташкиллаштиришда айблади.

«Эрон бизникилар ўлими учун ёки бизнинг биноларга шикаст етиши учун тўлиқ жавобгар. Улар катта нархда тўлашади! Бу огоҳлантириш эмас, таҳдиддир. Янги йилингиз билан!» - дея ёзганди Трамп твиттерида.

1 январь куни Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий Эрон уруш чорловини қабул қилишга тайёрлиги ва агар уруш келиб чиқса, бу ҳал қилувчи уруш бўлишини айтди.

«Биз урушга интилмаяпмиз, аммо биз Эрон халқи манфаатларини, қадр-қиммати ва шон-шарафини қаттиқ муҳофаза қиламиз. Агар кимдир бизга таҳдид қилса, биз иккиланмасдан қарши чиқамиз ва жавоб зарбасини берамиз», деганди у.

3 январь куни Сулаймоний Бағдодда ўлдирилгач, Хоминаий АҚШга «шафқатсиз қасос олиш» билан таҳдид қилди. У марҳум генерални «халқаро қаршилик тимсоли» деб атади.

«Шаҳидлик унинг йиллар давомидаги фаолияти учун мукофот бўлди. У кетган бўлсада, Аллоҳнинг иродаси билан унинг иши ва йўли тўхтаб қолмайди. Бу оқшомда ифлос қўлларини қонга бўяган жиноятчиларни қўрқинчли қасос кутмоқда», деди оятуллоҳ.

«Бу ўлим эронликлар, ироқликлар, америкаликлар ва бошқалар учун қимматга тушади», деди New York Times нашрига Халқаро инқироз гуруҳининг Эрон бўйича дастури директори Али Воиз.

«Бу шунчаки Сулаймонийнинг ўлими эмас, бу Эрон билан ядро дастури бўйича келишувнинг якуни ҳамда АҚШ ва Эрон давлати ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўлимидир», дея қўшимча қилган у.

Мавзуга оид