Ўзбекистон | 07:42 / 06.01.2020
15590
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларга қуриладиган савдо комплекслари учун шаҳар атрофидан ер ажратилиши белгилаб қўйилади

Фото: Depositphotos

Бозор ва савдо комплекслари фаолиятини янада такомиллаштириш ва улардаги давлат иштирокини қисқартириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларга қуриладиган бозор ва савдо комплекслари учун туман (шаҳар)лар режалаштириш лойиҳаси ва маъмурий-ҳудудий бирлигининг бош лойиҳасига мувофиқ, Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятларнинг маъмурий марказларида шаҳар атрофидаги жойлардан ер ажратилиши белгиланади.

Бозор ва савдо комплексларининг (фаолият кўрсатаётган бозор негизида савдо комплекси ташкил қилинганда) қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари расталари сони туман (шаҳар) аҳолисининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бунда, бозор ва савдо комплекслари қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари расталарининг 20 фоизи Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (кейинги ўринларда Фермерлар кенгаши деб юритилади) унинг аъзоларини жойлаштириш учун ажратилади.

Фермерлар кенгашига:

“Томорқа хизмати” МЧЖ билан биргаликда савдо расталарини узлуксиз, сифатли қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари;

фермерлар, деҳқонлар ва томорқа эгалари ўртасида савдо расталарини тенг шартларда шаффоф ва мақсадли тақсимлаш;

бозор ва савдо комплекслари маъмурияти сўровномалари асосида талаб кўп қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарорлигини сақлаш мақсадида бозорни ушбу маҳсулотлар билан тўлдириш вазифалари юкланади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид