Жамият | 19:10 / 08.01.2020
21858
4 дақиқада ўқилади

Болаларни заҳарламоқчи бўлган аёл 15 суткага қамалди

Қилмиш-қидирмиш, дейдилар. Бекободда ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш учун болаларни заҳарламоқчи бўлган Султонова Феруза 15 кунга қамалди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 21 декабрь куни ижтимоий тармоқларда шахси номаълум икки аёлнинг ўзаро суҳбати ёзилган аудиоёзув тарқалди ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда суҳбатдошлар Дилором исмли боғча мудирасини ишдан олиш бўйича ғаразли ниятларини болаларни оммавий заҳарлаш орқали амалга оширишни муҳокама қилади.

«Болаларни кучли «отравление» қиладиган бирон нима топиб, гўшт ичига солиш керак. Биляпсизми, Бекобод шаҳрида тинимсиз шунақа чиқяпти, [натижада] мудирларни ишдан олиб ташлаяпти-ку. Юз фоиз кетади мудираси ҳам, завхози ҳам, ўзи ҳам... Ҳаммаси жавобгарликка тортилади. Бирор-бир врач танишингиз йўқми?», – дейди аёллардан ёшроғи.

У суҳбатдошининг қизи аптекада ишлашини айтар экан, қизининг маслаҳатини олишга кўндиришга уринади.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати айни телефон суҳбати иштирокчиларидан бири Сожида Каримқулова билан бўлиб ўтган суҳбатни Kun.uz’га тақдим этди.

Унда болаларни заҳарлаш режаси инсоний ахлоқ тамойилларига умуман тўғри келмаслиги таъкидланиб, шов-шувли телефон суҳбати қандай бўлганига доир тафсилотлар эълон қилинган.

Тошкент вилояти, Бекобод тумани, Мирзо Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи С.Каримқулованинг сўзларига кўра, у жиянини боғчага қайта ишга тиклаш учун саъй-ҳаракатлар қилиб юрган вақтида Феруза Султонова деган аёл билан кўришиб, танишиб қолган.

«У боғча мудираси ва бошқарма бошлиғидан норози эканини, чунки уни ноҳақдан ишдан бўшатиб юборганини айтди. Иккиси мени ишдан ҳайдаган, деди. Мен ҳам жиянимни икки ойдан бери ишга жойлаштира олмаётганимдан хафалигимни билдирдим. Телефон рақамимни олди. Икки кундан кейин, боғча болаларини заҳарлаб, мақсадга етишишни, улар ишдан кетиши, у ишга тикланиши, жияним ишга киришини айтиб, қўнғироқ қилди», - дея тафсилотлари билан ўртоқлашди С.Каримқулова.

Сожида опанинг айтишича, у Ферузанинг таклифидан довдираб қолган, бироқ суҳбатини бузмасдан тинглаган.

«Менинг набираларим ҳам ўша боғчага борар эди. Қандай бу ишга рози бўлишим мумкин, ахир?! Ферузанинг бундай ниятини билгач, у бошқа боғчаларда ҳам шундай кор-ҳол қилмасин, бунинг олдини олиш керак, деган ўй билан аудиоёзувни туман ҳокимлигига олиб бордим», - деб сўзлайди Сожида опа.

Унинг сўзлаб беришича, интернет тармоқлари орқали тарқалган аудиони тинглаганлар ундан ва суҳбатдошидан ҳам нафратланишган, турли муносабатлар билдирилган. Сожида опа суҳбатни ёзиб олишдан ва суҳбат мобайнида Феруза таклифларига эътироз билдирмасликдан мақсади бу жиноий ниятнинг кенг кўламда тус олишига йўл қўймаслик, яна бошқалар билан шундай режа тузишининг олдини олиш бўлганини инсонлар тушунмаганидан азият чекаётганини таъкидлади.

«Мени ва менинг хатти-ҳаракатларимни нотўғри тушунманглар. Мен кўплаб фарзандларимизнинг оммавий заҳарланишининг олдини олишга ҳиссамни қўшдим, илтимос қиламан, мен ҳақимда нотўғри гапирманглар», - дея интернет фойдаланувчиларига мурожаат қилади Сожида опа.

Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш учун болаларни заҳарламоқчи бўлган Феруза исмли аёл ушланган. 2019 йилнинг 22 декабрь куни Бекобод тумани маъмурий суди томонидан 1989 йилда туғилган, муқаддам Бекобод тумани МТТ ҳисобчиси бўлиб ишлаган, Бекобод тумани “Бешюз” МФЙда яшовчи Султонова Феруза ЎзР МЖКнинг тегишли моддаси билан айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Султонова Феруза суд залидан қамоққа олиниб, маъмурий қамоқ жазоси шу куннинг ўзидан ҳисобланган.

Мавзуга оид