Спорт | 22:21 / 09.01.2020
38255
3 дақиқада ўқилади

Эронликлар мотам боғичида ўйнаган соҳил бўйидаги «жанг»дан фотогалерея

Ўзбекистон U23 жамоаси Таиланддаги Осиё чемпионатида иштирокини бошлади. Любинко Друлович шогирдлари биринчи турни Эронга қарши ўтказиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашди. Албатта, Ўзбекистон амалдаги чемпион эканини инобатга олсак, йигитларимиз очко йўқотди, аммо Эроннинг бугунги важоҳатини кўриб дуранг ҳам ёмон натижа эмас дейиш мумкин. Друлович ҳам айнан мана шундай фикрда, яъни у дуранг ёмон натижа бўлмаганини айтди.

Нега соҳил бўйидаги жанг деганимиз ҳақида икки оғиз. Ўйин Сонгхладаги соҳил бўйида жойлашган стадионда ўтказилди. Эроннинг ўзидан кучли рақибга жуда жиддий, важоҳат билан қаршилик кўрсатгани ўйиннинг «жанггга айланиб кетишига» сабаб бўлди. Эронда бўлаётган охирги воқеалардан хабарингиз бор. Бу воқеалар футболчиларнинг ғалабага иштиёқини чандон маротаба оширганини айнан майдонда кўрдик. Дарвоқе, эронлик футболчилар шу куни қора боғичларда майдонга тушишди. Улар генерал Сулаймонийнинг ўлими ва яқинда содир бўлган авиаҳалокат сабаб мана шундай мотам боғичларида ўйнашди.

Йил хатоси ва Маъсуд Шожаини эслаб 

Ўйиннинг дастлабки 15 дақиқаси Ўзбекистон учун жуда ёмон ўтди. Футболчилар кўп хато қилишди, айниқса дарвозабон Абдувоҳид Неъматов. Унинг бир нечта хатосини яхшиям рақиблар кечиришди. Шундай вазиятлардан бирида эронлик Али Шожаи йил хатосига йўл қўйди. Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги Осиё ўйинлари баҳси ёдингиздами? Ўшанда қатарлик футболчи Темур Жўраев қўриқлаган бўш дарвозага гол ура олмаганди. Шожаи бугун мана шундай хатони такрорлади (Эронлик журналистлар билан суҳбатда шу баҳонада бошқа бир Шожаи (Маъсуд) Александр Лобанов дарвозасига пенальтидан гол ура олмаганини эсладик).

Биринчи бўлим ўрталарига келиб футболчиларимиз вазиятни ўз қўлларига олиб тўпни назорат қила бошлашди. Натижада ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бўлган Бобур Абдухолиқов 40-дақиқада пенальти ишлади. Тўғрироғи, у қулай вазиятга чиқиб бораётган вақтда рақиб қўполлик ишлатишга мажбур бўлди. Белгиланган пенальтини Ислом Қобилов голга айлантирди.

Миллий жамоа чарчатган Санжар ва Ҳожи

Бугун жамоада Санжар Қодирқулов ва Ҳожиакбар Алижоновлардан кўп нарса кутишганди, аммо улар кутилган ўйинни намойиш эта олишмади. Ҳар икки футболчида очиқчасига чарчоқ аломатлари сезилди. Тўғриси, узоқ мавсум танаффуссиз ўйнаган ёш йигитларни чарчатиб қўйгани рост. Балки мураббий уларни кейинги ўйинда Шароф Муҳиддинов ва Дилшод Саидовларга алмаштирар.

Иккинчи бўлимда йигитларимиз ҳисобни ушлаб қола олишмади. Тайм аввалида ҳимоячиларнинг жуда қўпол хатосидан фойдаланган Ризо Деҳқоний гол урди. Голдан кейин назорат яна Ўзбекистон томонга ўтди, аммо йигитлар бошқа гол уришни эплай олишмади. Қуйида ўйиндан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Муҳаммаджон Ғаниев олган суратлар

Мавзуга оид