Иқтисодиёт | 09:22 / 11.01.2020
32326
7 дақиқада ўқилади

2019 йилда энг кўп молиявий қонунбузилиш ҳолатлари қайси вазирликлар тизимида кузатилгани маълум бўлди

Фото: Shutterstock

Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2019 йилда ўтказилган 10 334 та молиявий назорат тадбирларидан 8028 таси (78 фоиз)да 488,3 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланиб, шундан 253,2 млрд. сўмни (52 фоиз) бюджет ва мақсадли жамғармалар ҳамда хўжалик субъектлари ҳисоб рақамларига тикланиши таъминланди.

Молия вазирлиги хабарига кўра, ҳисобот даврида асосий эътибор давлат бюджети маблағларини мақсадли ва қонун ҳужжатларига мувофиқ сарфланишига қаратилган бўлиб, бунда иш режа бўйича назорат тадбирлари фақат камерал назорат тадбирлари ўтказилгандан сўнг шубҳали харажатлар аниқланган бюджет маблағларини олувчилардагина якуний назорат тадбирлари ўтказилди.

Жумладан, «Давлат молиясини бошқариш ахборот дастури» (ДМБАД) ва UzASBO дастурий мажмуалари маълумотлар базасидан кенг фойдаланган ҳолда 1147 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда, 41 та олийгоҳларда, Маданият вазирлиги тизимидаги 516 та ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимидаги 196 та муассасаларда, Тошкент, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари маҳаллий бюджетининг тузилиши ва ижроси, шунингдек 313 та маҳаллий бюджет ва 7 та бошқа ташкилотларда ҳамда 28 та туман (шаҳар)лардаги 578 та маҳаллий бюджет ташкилотларида ва 154 та туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларида жами 2 952 та бюджет муассасаларида камерал назорат тадбирлари ўтказилди.

Камерал назорат тадбирларига қамраб олинган муассасаларнинг 1 213 тасида (42 фоиз) 46,7 млрд. сўм миқдорида бюджет қонунчилигини бузилиш ҳолатлари аниқланиб, назорат тадбирлари давомида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 37,3 млрд. сўми бюджетга тикланди ҳамда 9,1 млрд. сўм миқдоридаги бюджет маблағларини мақсадсиз сарфланишини олди олинди.

Шунингдек, 29,9 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 359 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.

Ҳисобот даврида тасдиқланган иш режа ҳамда Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг топшириқларига асосан 8 074 та бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни мақсадли сарфланиши ва молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 6 616 таси (82 фоиз)да 142,6 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ушбу харажатларнинг 129,1 млрд. сўми (91 фоиз)ни давлат бюджетига тикланиши таъминланди.

2019 йилда амалга оширилган назорат тадбирлари якунларини 2018 йилдаги кўрсаткичлар билан таққослаб, таҳлил қилинганда, 2019 йилда 2018 йилга нисбатан назорат тадбирлари сони 1,4 мартга кўп ўтказилган бўлса, аниқланган молиявий интизомни бузилиш ҳолатлари 2,1 мартага, бюджетга тикланган маблағлар 2,5 мартага кўпайган.

Маълумот учун: 2018 йилда 5 575 та бюджет муассасаларида ўтказилган назорат тадбирларининг 4 744 тасида 68,1 млрд. сўмлик бюджет интизомини бузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 51,1 млрд. сўми (75 фоиз) бюджетга тикланган.

2019 йилда аниқланган бюджет интизомини бузилиш ҳолатлари вазирлик ва ҳудудлар кесими бўйича қуйидаги бўлди:

2019 йилда энг кўп аниқланган бюджет интизомини бузилиш ҳолатлари Халқ таълими вазирлиги тизимидаги муассасаларида 29,8 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 19 млрд. сўмга (2,7 марта) кўпайган.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги тизими ташкилотларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 16,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 10,1 млрд. сўмга (2,5 марта), Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги муассасаларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 8,3 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 2,9 млрд. сўмга (1,5 марта), Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 7,8 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 5,4 млрд. сўмга (3,3 марта) кўпайган.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 13,8 млрд. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан (17,1 млрд. сўм) камайган бўлса-да, йирик миқдорни ташкил этди.

Ҳисобот даврида аниқланган йирик миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар Қашқадарё (18,7 млрд. сўм), Тошкент (17 млрд. сўм), Жиззах (16,9 млрд. сўм), Андижон (11,8 млрд. сўм), Сурхондарё (10,8 млрд. сўм), Самарқанд (10,2 млрд. сўм) вилоятларига ва Тошкент шаҳрига (10,8 млрд. сўм) тўғри келмоқда.

Якуний назорат тадбирларида аниқланган 129,6 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 4 498 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.

Шунингдек, бюджет интизомини бузилишига йўл қўйган бюджет ташкилотларининг 396 нафар мансабдор ва масъул шахсларига белгиланган тартибда 291,3 млн. сўмлик маъмурий жарима қўлланилди.

Давлат молиявий назорати департаменти томонидан профилактика тартибида бюджет ва бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 2019 йил учун харажатлар сметаси ва штат жадвалларини меъёрий ҳужжатлар ҳамда аниқ ҳисоб-китоблар асосида режалаштирилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 39,1 млрд. сўм миқдорида ортиқча режалаштирилган харажатлар аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу ортиқча харажатларнинг олди олинди.

Бундан ташқари, Давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа жамғармалар маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган 1 469 та молиявий назорат тадбирларида 151,1 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 90,8 млрд. сўми (60 фоиз) тикланиши таъминланди ҳамда 141,4 млрд. сўм миқдоридаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 744 та назорат тадбирлари ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилди.

Шунингдек, Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан ўтказилган 153 та назорат тадбирларида 8,9 млрд. сўм миқдорда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан 5,3 млрд. сўми тикланди ҳамда 8,5 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 113 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилди.

«Ўзпахтасаноат» АЖ тизимидаги пахта тозалаш корхоналарида 2018 йил ҳосилидан тайёрланган пахта хом-ашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш, маҳсулотларни сотиш бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлиги юзасидан ўтказилган 200 та назорат тадбирларининг 103 тасида аниқланган 129,1 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳужжатлари тегишли чора кўриш учун прокуратура органларига топширилди.

Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қарорлари ва топшириқларига асосан 309 та хўжалик юритувчи субъектларда назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, аниқланган 55 млрд. сўм миқдоридаги молиявий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг тузилиши ва ижроси юзасидан Тошкент, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кенг қамровли назорат тадбирлари ўтказилди.

Маҳаллий бюджетлар тузилиши ва ижроси юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари якунлари тегишли вилоят ҳокимликларида маҳаллий бюджетдан маблағ билан таъминланадиган муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида муҳокама қилиниб, аниқланган бюджет интизомини бузилиш ҳолатларини такрорланмаслик юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, бюджет интизомини бузилишига йўл қўйган муассаса ва ташкилот раҳбарларига нисбатан ҳокимларнинг қарори билан интизомий чоралар кўрилди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид