Соғлом ҳаёт | 09:10
605
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат прекурсорлар муомаласи устидан назоратни кучайтирди

Ўзбекистонда прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ барча жараёнларни тартибга солувчи ягона низом тасдиқланди. Ҳукумат қарорига мувофиқ, мазкур кимёвий моддаларни олиш, ташиш, сақлаш, сотиш, импорт ва экспорт қилиш, шунингдек, уларни йўқ қилиш тартиби ҳамда назорат механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Ҳукуматнинг 2026 йил 26 июндаги 337-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш ва узлуксиз назоратни таъминлаш тўғрисида”ги ягона низом тасдиқланди.

Низомга кўра, прекурсорларни олиш, жўнатиш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш, сақлаш, сотиш, тақсимлаш, йўқ қилиш, шунингдек, уларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби белгиланди.

Эндиликда прекурсорларни сотиб олиш жараёнида харидорнинг ҳуқуқий асослари, жумладан лицензиялари, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари ҳамда моддалардан мақсадли фойдаланишни тасдиқловчи ҳужжатлар мажбурий тарзда текширилади.

Шунингдек, прекурсорлар ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ёки бошқа қўриқлаш хизматлари томонидан ташилади.

Янги тартибга мувофиқ, прекурсорларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва мамлакатдан олиб чиқиш Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан бериладиган сертификат асосида амалга оширилади. Мазкур сертификатдан фақат бир марта фойдаланиш мумкин бўлиб, унинг амал қилиш муддати бир йил этиб белгиланган.

Бундан ташқари, прекурсорлардан фойдаланувчилар кимёвий моддаларни ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилардан мажбурий тартибда “Хавфсизлик паспорти”ни талаб қилиши лозим.

Низомга кўра, прекурсорлар яроқлилик муддати тугаганда, улардан фойдаланиш имкониятини истисно этувчи кимёвий ёки физик таъсирга учраганда, шунингдек, уларнинг прекурсор эканини аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид