Жамият | 19:58 / 13.01.2020
95235
3 дақиқада ўқилади

Нурободдаги авария тафсилотлари: 20га яқин машина шикастланган

Бугун, 13 январь куни А-378 «Самарқанд – Қарши» автойўлининг Самарқанд вилояти Нуробод туманидан ўтувчи қисмида йирик йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Ижтимоий тармоқларда бу ҳудудда юзлаб автомашиналар зарарлангани ва бир неча киши вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz мухбирлари ҳолатга ойдинлик киритиш учун воқеа жойида бўлишди.

ЙТҲ «Самарқанд – Қарши» автомобиль йўлининг Сазоғон қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. Шу қишлоқда яшовчи воқеа гувоҳларининг маълум қилишича, йирик автофалокат соат 13:00 атрофида содир бўлган. Авария туфайли 20га яқин машина турли даражада зарар кўрган, ҳодиса оқибатида машиналар тирбандлиги юзага келган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбар ва ходимлари воқеа жойига етиб келган. Махсус эвакуаторлар йўл-транспорт ҳодисасига учраган автомашиналарни олиб кетмоқда.

Вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси вакилларининг ҳолат юзасидан Kun.uz’га тақдим этган маълумотига кўра, ҳаво ҳарорати кескин пастлиги натижасида йўлнинг қатнов қисмида музлама ҳосил бўлган, қалин туман натижасида кўриш масофаси 5–10 метргача қисқарган.

Дастлаб, соат 13:20да юк машинасининг ортидан енгил автомобил урилгач, бир неча дақиқа ичида яна бир неча автомобиль тўқнашиб кетган. Воқеа жойида жароҳатланганлар сони 7 нафар, улардан тўрт нафари шифокор кўригидан ўтгач уйларига кетган. Ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ.

Маълум бўлишича, мазкур ҳудудда жами 8та автомобиль жиддий зарар кўрган, енгил зарарланганлари сони эса 10дан ортиқ.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати Нурободдаги йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким вафот этмаганини тасдиқлади. Вилоят ССБ ахборот хизмати раҳбари Э.Муҳаммадиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, автоҳалокатдан сўнг жами 7 киши шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 3 нафари шифохонага ётқизилган, аҳволи ўртача.

Айни пайтда ушбу йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун 8та ЙПХ патрул автомашинаси ва 15 нафар ЙПХ инспекторлари жалб қилинган.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Ғайрат ЙЎЛДОШ,

Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид