Жаҳон | 21:35 / 14.01.2020
136550
17 дақиқада ўқилади

Миллионлар ноласи: Афғон уруши қандай бошланиб қандай тугаган?

Афғонистон. Бу сўз бугун жаҳон афкор оммаси учун «нотинчлик», «жанг-у жадал» сўзлари билан синоним тарзда қўлланади. Бироқ бир пайтлар бу юрт ҳам тинч ривожланиш жараёнида бўлган. Одамлар эрталаб хотиржам уйғонган, нотинчлик ва урушни хаёлига келтирмасдан яшаган. Аммо, ўтган асрнинг 70-йилларига келиб вазият ўзгарди...

Ўша пайтда Афғонистонда Муҳаммад Зоҳиршоҳ подшоҳ эди.

Афғонистон подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ. Фото: Getty Images / Fotobank

1973 йилда Зоҳиршоҳ Италияга расмий ташриф билан кетганидан фойдаланиб, унинг яқин қариндоши, Афғонистон бош вазири Муҳаммад Довуд давлат тўнтаришини амалга оширади ва Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олади. Зоҳиршоҳ эса Италияда қолади.

Муҳаммад Довуднинг ҳукмронлиги беш йил давом этади. 1978 йил 27 апрелда Афғонистонда яна нотинчлик бошланади — ўзларини Афғонистон Халқ Демократик партияси аъзолари деб атаган гуруҳ Муҳаммад Довудга қарши исён бошлайди. Бу исён «Савр инқилоби» номи билан тарихга киради.

Исёнчилар президент саройини ўраб олиб, Муҳаммад Довудга таслим бўлиш талабини қўяди. У кўнмайди. Ўртада отишма бошланди. Натижада, Муҳаммад Довуд, унинг оила аъзолари бўлган йигирмага яқин киши, жумладан, беш нафар фарзанди ва акаси Муҳаммад Наим ҳалок бўлишади.

Муҳаммад Довуд. Фото: MilitaryArms.ru

Исёнчилар ҳокимиятни эгаллашади. Уларга Нурмуҳаммад Таракий ва Ҳафизуллоҳ Амин бошчилик қилишади.

Муҳаммад Довуддан ҳокимиятни тортиб олган АХДП Афғонистон Демократик Республикаси тузилганини ва мамлакат социализм йўлидан кетишини эълон қилади. Мамлакат раҳбари Муҳаммад Таракий, инқилобий кенгаш раиси Ҳафизуллоҳ Амин бўлади.

Нурмуҳаммад Таракий. Фото: ТАСС

Ўшанда Афғонистонда кечаётган воқеаларни дунёнинг бир-бирига қарши бўлган икки кучли давлати, АҚШ ва СССР диққат билан кузатаётган ва янги ҳукумат билан яқин муносабат ўрнатишга уринаётган эди.

Нурмуҳаммад Таракий СССР билан, Ҳафизуллоҳ Амин эса АҚШ билан яқин алоқалар ўрнатиш тарафдори эди.

Аммо, мамлакатда Таракий ва Аминнинг қарашларига қўшилмайдиган, АҚШ ва СССР билан бирдай оралиқ масофа сақлаган ҳолда муносабат ўрнатиш тарафдорлари бўлган одамлар ҳам кўп эди. Ана ўшалар Таракий ва Амин бошқараётган ҳукуматга қарши қурол кўтариб чиқишади.

Шу тариқа, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди.

СССРдан ёрдам сўраш

1978 йил 8 май куни Афғонистон ҳукумати СССР раҳбариятига мурожат қилиб зудлик билан Афғонистонга партия, хавфсизлик (КГБ), ҳарбий ва хўжалик ходимлардан иборат маслаҳатчилар юборишни сўрайди.

Афғонистонга энг дастлаб КГБ ходимлари, сўнг бошқа соҳа вакиллари жўнатилади. Кейинчалик ошкор бўлдики, ўшанда СССР ҳукумати  Афғонистонга ошпаз ёки инженер сифатида ҳам асосан КГБ ходимларини жўнатган.

1979 йилнинг баҳорида Афғонистон ҳукумати СССРдан ҳарбий ёрдам сўрайди. Аммо СССР буни рад этади.

Жумладан, 1979 йил 19 мартда КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюросининг навбатдан ташқари йиғилишида СССР раҳбари Брежнев шундай деганди: «Кун тартибида Афғонистонга ҳарбий ёрдам бериш масаласи турибди. Афғон дўстларимиз биздан ҳарбий ёрдам кўрсатишимизни сўрашяпти. Биз ҳозирги ҳолатда, бу мамлакатга ҳарбийларимизни кирита олмаймиз. Бу ҳаммамизнинг зараримизга ишлаши мумкин».

АДР бош вазири Нурмуҳаммад Таракий КПСС МК бош котиби Леонид Брежнев билан. 1978 йилнинг 4 декабри. Фото: ТАСС

Иккинчи томондан, СССР мудофаа вазири Дмитрий Устинов буйруғи билан Афғонистон билан чегара ҳудудлар, Туркманистон ва Ўзбекистонга ҳарбий ҳаво-десант қўшинлари жойлаштирила бошланган.

1979 йил сентябрь ойида Афғонистон ҳукумати ва АХДП ичидаги келишмовчиликлар туфайли партия раҳбари Нурмуҳаммад Таракий қамоққа олинади ва кейинчалик ҳукуматни қўлга олган Ҳафизуллоҳ Амин томонидан қатл этилади.

Ҳафизуллоҳ Амин ҳукуматни қўлга олар экан, СССР раҳбарияти билан дўстона алоқада бўлишини билдиради. 1979 йил сентябрь ойидан декабрь ойигача Амин СССР ҳукуматидан бир неча бор ҳарбий ёрдам сўраган. Иккинчи тарафдан, у АҚШ билан ҳамкорлик қилиш ҳақида яширинча музокара ўтказа бошлаган.

Бу ҳол табиийки, СССР ҳукуматига ёқмайди. Москва Аминни тахтдан ағдариш ва унинг ўрнига Афғонистон ҳукумати раҳбарлигига Бабрак Кормални тайинлаш режасини туза бошлайди.

Афғонистонга қўшин киритилиши

1979 йил декабрь ойида Афғонистоннинг Багром шаҳрига КГБнинг «Мусулмон батальони» номини олган ва асосан Марказий Осиё республикалари ва Кавказдан чақирилган ходимлардан иборат бўлган махсус бўлинмаси жўнатилади.

1979 йил 10 декабрь куни СССР Мудофаа вазири Д.Устинов Туркистон ва Марказий Осиё ҳарбий округларини жанговар ҳолатга келтириш ҳақида буйруқ беради. Шунингдек, 103-Витебск ҳарбий гвардия ҳаво-десант дивизияси жанговар тревога билан оёққа турғизилади.

Ниҳоят, 1979 йил 12 декабрда СССР Сиёсий бюроси Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида қарор қабул қилади. 14 декабрда СССРнинг Багромдаги ҳарбий базасини 1979 йил июль ойидан бери қўриқлаётган 105-гвардия ҳаво-десант дивизиясининг 111-полкига ёрдам тариқасида Афғонистонга 345-ҳаво-десант полки киритилади.

Афғонистонга совет қўшинларининг киритилиши

1979 йил 23 декабрь куни тунда мудофаа вазирлиги Афғонистонга қўшин киритишга тайёрлигини маълум қилади.

Орадан бир кун ўтиб СССР Мудофаа вазири Д.Устинов «Дўст афғон халқига ёрдам бериш мақсадида мамлакат жанубидаги Совет ҳарбийларининг бир қисмини қўшни давлат ҳудудига киритишга қарор қилинди», деб ёзилган директивани имзолади.

1979 йил 25 декабрда Туркистон ҳарбий округидаги 40-умумқўшин армияси Афғонистонга киритиш учун жанговар тайёр ҳолга келтирилди. Ўша куни тушдан сўнг Афғонистонга кириш учун буйруқ берилади ва СССР ҳарбий бўлинмалари қуруқлик ва ҳаво орқали Афғонистон ҳудудига бостириб киради.

Ҳаракатдаги армияга ёрдам бериш учун 27 декабрь куни Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистондан умумий ҳисобда 32 минг захирадаги ҳарбий хизматчилар чақирилиб ҳарбий ҳаракатларга тайёрланади. Аҳоли вакилларидан ва турли ташкилотлардан 9 мингта «УАЗ» автомобили ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш учун олиб қўйилади.

1979 йил 25-27 декабрь кунларида Афғонистонга яна  қўплаб ҳарбий бўлинмалар олиб кирилди.

Аминнинг ўлдирилиши ёхуд салла ўраган КГБ ходимлари

1979 йил 16 декабрда Аминга суиқасд уюштирилади. У тирик қолади. Бабрак Кормал зудлик билан Москвага чақириб олинади.

Брежнев ва АХДП бош котиби Бабрак Кормал. Фото: ТАСС

20 декабрь куни «Мусулмон батальони» Багромдан Кобулга ўтказилди. Ушбу батальон Амин яшаётган саройни эгаллаши шарт эди. Амин саройини эгаллаш учун Москвадан КГБнинг яна иккита махсус бўлинмаси чақирилади.

1979 йил 27 декабрь куни, КГБ махсус бўлинмалари ва ҳарбийлар ёрдамида Амин саройи эгалланади ва Аминнинг ўзи ўлдирилади.

СССР ташқи ишлар вазири А.Громико ва Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳафизуллоҳ Амин. 1978 йилнинг 18 майи.
Фото: ТАСС

Ўша пайтда Амин саройига КГБ махсус бўлинмаси бостириб киргани ҳақида ҳеч қаерда гапирилмаган. Оммага «Афғон халқи Амин саройини забт этиб ўзини ўлдирди», дея маълумот берилган.

«Правда» газетаси эса «Халқ исён кўтариб, Аминнинг саройига бостириб кирди ва Амин ва унинг тарафдорларини ўлдирди», деб ёзиб чиққан. Кейинчалик, СССР тарқаб кетганидан сўнг, ўшанда Амин саройига бостириб кириб уни ва тарафдорларини ўлдирган «афғон халқи» афғонлар кийимини кийиб олган КГБнинг махсус бўлинмаси ходимлари бўлгани ошкор бўлди.

Амин ўлдирилганидан сўнг Бабрак Кормал Багромдаги СССР ҳарбий базасидан чиқиб, Кобулга келади ва уни Афғонистон раҳбари деб эълон қилишади. У СССР раҳбариятидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун ўз мамлакатига ҳарбийларни киритишни «илтимос қилади».

Бабрак Кормал. Фото: ТАСС

Бунга жавобан советлар раҳбарияти Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида қарор чиқаради. Аммо, бунгача СССР ҳарбийларининг катта қисми Афғонистонга кириб бўлган эди.

Шу тариқа Афғонистонда уруш бошланди.

Урушни бир неча ойда тугатмоқчи бўлган Устинов ва Андропов

Афғонистонга ҳарбийларни киритишга ўша пайда СССР Мудофаа вазири бўлган Д.Устинов ва КГБ раҳбари Ю.Андроповнинг ҳиссаси катта бўлган.

СССР мудофаа вазири Дмитрий Устинов. Фото: ТАСС

Улар Брежневни «Афғонистонда бир ҳовуч душман бор. Икки-уч ойда уларни енгиб, урушни тугатамиз», дея ишонтиришганди.

Уларнинг мақсади уруш оқибатларини ўйлаб ташвишланган Брежневни ўшанда тинчлантириш бўлганми ёки ўз кучларига ҳаддан ошиқ ишонишми — бу масала мавҳумлигича қолиб келмоқда.

Кейинчалик, Брежневнинг жияни Любовь Брежнева ўз эсдаликларида Афғон уруши бошланганидан бироз вақт ўтиб тоғасининг ҳар куни кечки пайт Дмитрий Устиновга қўнғироқ қилиб «Дима, бу уруш қачон тугайди? Сен уруш узоқ давом этмайди, деган эдинг. Аммо, жин урсин бу урушингни, охири кўринмаяпти-ку?! Ахир, у ерда болаларимиз ҳалок бўлишяпти?!» деб гапирганлари ҳақида эслаб ўтган.

Афғонистондаги урушда СССР ҳарбийларига қарши курашаётган томонларни Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ ҳар тарафлама қўллаб-қувватлади. Натижада уруш чўзилиб кетади.

Д.Устинов ва Ю.Андроповга ишониб, Афғонистонга қўшин киритишга рози бўлган Л.Брежнев 1982 йилда вафот этди.

СССР раҳбари Леонид Ильич Брежнев. Фото: ТАСС

«Бир неча ойда бу урушда енгиб чиқамиз» деган Д.Устинов, ҳамда аввал КГБ, сўнгра СССР раҳбари бўлган Ю.Андропов 1984 йилда вафот этишди.

Аммо, Афғон уруши тугамади ва миллионлаб инсонларга офат олиб келишда давом этаверди. Ҳукумат ОАВ ва телевидение орқали «Афғонистондаги жангларда совет қўшинларининг қўли устун келаётгани, ғалаба онлари яқинлиги» ҳақида тинимсиз ёлғон маълумотлар бераверди.

Афғон уруши СССР учун ҳақиқий ҳалокат бўлди

Афғон уруши СССР учун катта нохушликларни олиб келди.

Биринчи навбатда, СССР бу уруш учун ниҳоятда катта маблағ сарфлади. Мамлакат ривожи учун ишлатилиши лозим бўлган маблағ ҳавога совурилди. Оқибатда мамлакат иқтисодиётида турғунлик юзага келди.

Шунингдек, бу урушда кўплаб ҳарбийлар, шу жумладан, Афғонистонда турли ишлар юзасидан хизматда юрган фуқаролар ҳалок бўлишди.

Брежнев ҳукмронлиги даврида, 1970-йиллардан бошлаб анча илиқлашган СССР-АҚШ муносабатлари энг ёмон ҳолатга келди.

АҚШ бошчилигидаги Ғарб давлатлари, Афғон уруши туфайли СССРга қарши иқтисодий санкциялар жорий этди ва СССРдан нефть ва газ сотиб олмай қўйди. Бунинг натижасида мамлакат иқтисодиёти жуда катта зарар кўра бошлади.

Ҳарбий хизматга соғлом кетган боласининг ногирон бўлиб ёки тобутда жасади келиши одамларга акс таъсир кўрсата бошлади ва СССРнинг ўзида ҳам бу урушга қарши норозилик кучайиб бораверди.

Афғон урушида АҚШнинг роли

СССРнинг Афғонистонга қўшин киритишига АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари бошданоқ қарши эди.

Афғонистонда уруш бошланганидан сўнг АҚШ ва яна бир қатор Ғарб давлатлари СССРга қарши курашаётган гуруҳларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Уларга қурол-яроқ, озиқ-овқат, кийим-кечаклар етказиб берилади. АҚШ томонидан берилган ёрдам миқдори йил сайин ошиб бораверган. 1984 йилда 125 миллион доллар, 1987 йилда 630 миллион доллар миқдорида ёрдам берилган.

Афғон мухолиф гуруҳларининг вакиллари ўша пайтларда бир неча бор АҚШга ташриф буюради. АҚШ президенти Рональд Рейган уларни Оқ уйда ҳам қабул қилган.

АҚШ президенти Рональд Рейган Оқ уйда афғон мухолифати делегациясини қабул қилмоқда. 1983 йил.
Фото: Википедия

Афғон уруши АҚШ учун янги қуролларни синаб кўрадиган полигон вазифасини ҳам бажариб беради. Бу ерда улар турли кимёвий ва бошқа қуроллар синовдан ўтказиб кўрилади.

Одамни бепушт қиладиган кимёвий моддалар қўшиб тайёрланган пиёдага қарши миналар ва снарядлар илк бор Афғон урушида синаб кўрилган. Бу ҳақда собиқ «афғончи»лар ўз эсдаликларида ёзишган.

Афғонистондан қўшинларни чиқариш

1985 йил 11 март куни К.Черненконинг вафотидан сўнг СССР раҳбарлиги М.Горбачёвга ўтди.  

Михаил Горбачёв. Фото: ТАСС

Брежнев ва унинг ворисларидан фарқли ўлароқ, Горбачёв вазиятни муносиб баҳолади ва Афғон урушида ғалаба қозониб бўлмаслигини яхши англаб етди. У 1986 йил февраль ойида, КПССнинг ХХVII съездида Афғонистондан қўшинларни босқичма-босқич олиб чиқиш ҳақида баёнот берди.

Орадан яна икки йил ўтиб, 1988 йил 15 майдан бошлаб Афғонистондан қўшинлар чиқарила бошланди. 1989 йил 15 февралда охирги қисмлар Термиздаги Ҳайратон кўпригидан ўтди.

Афғонистондан совет қўшинларининг олиб чиқилиши. 1989 йил. Термиз, Ҳайратон кўприги. Фото: ТАСС

Дунёда, тинчлик ўрнатилишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Горбачёв 1990 йилда Тинчлик йўлидаги хизматлари учун халқаро Нобель мукофотини олади.

Ўзбекистон Афғон урушида

СССРда Афғон урушидан энг кўп жабр чеккан ҳудудлар Марказий Осиё республикалари бўлди. Энг кўп аскар шу ҳудуддаги иттифоқдош республикаларидан олинди.

Жумладан, Ўзбекистондан 64 500 нафар йигит Афғон урушида иштирок этган ва улардан 1522 нафари ҳалок бўлган. 2500 нафардан ошиқроқ ўзбекистонлик ногирон бўлган.

Албатта, юқоридаги рақамлар СССР тарқаб кетгунича берилган расмий маълумот ҳисобланади ва у анча камайтириб кўрсатилган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Афғон уруши фожиалари ва оқибатлари Ўзбекистондаги аксарият оилаларига кириб борди. Кимнингдир боласи ҳалок бўлди, кимнингдир боласи ногирон бўлди.

Ўшанда Ўзбекистонга «200-юк» темир тобут ҳар кун келиб турган.

Афғон урушидаги йўқотишлар

Афғонистондаги 10 йиллик урушда СССР ҳарбийлари жуда кўп йўқотишларга учради. Ўша пайтда СССР қуролли кучлари ҳарбий техникалари кўплиги ва қудратлилиги билан мақтаниши мумкин эди.

Аммо, ҳарбий аскарлар сифати ҳақида бундай деб бўлмас эди. Мамлакат армиясида шартнома асосида хизмат қилиш тизими йўқ ва унда асосан «ҳали гўдак сути оғзидан кетмаган» ёш йигитлар хизмат қиларди.

18 ёшда ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар икки йил хизмат қилиб, тажрибаси бироз ошганида захирага бўшатилар ва ўрнига яна ёш йигитлар олинар эди. Афғон урушида ана шу нўноқ тизим панд берди.

Мутлақо жанговар тажрибаси бўлмаган ёш йигитларнинг жанг майдонига ташланиши уларнинг «тутдай тўкилиши»га ва жангларда ютқазишига сабаб бўлади.

СССР ҳарбийларига қарши жанг қилган афғонлар эса Покистондаги лагерларда тайёргарлик кўрган ва бир неча йиллик жанг тажрибасига эга эди.

Норасмий маълумотларга кўра, Афғон урушида умумий ҳисобда 2 миллион Афғонистон ҳарбийлари ва фуқаролари ҳалок бўлган. Айрим тадқиқотчилар маълумотларида ҳалок бўлганлар қарийб 3 миллион нафар бўлгани қайд этилган, 5 миллион нафар афғонистонлик эса қочқинга айланган.

СССР томонидан бу урушда жами 820 минг нафар ҳарбий қатнашган. 1989 йилда улардан 14 453 нафари ҳалок бўлгани ҳақида,расмий маълумот берилган. СССРнинг жами йўқотиши 15 031 нафар бўлган. Аммо, таҳлилчилар СССР ҳарбийларининг Афғон урушидаги йўқотишлари бундан бир неча баробар кўп бўлганини билдиришади.

СССРнинг ҳарбий техникалар йўқотилиши ҳақидаги расмий маълумотлари ҳам камайтириб кўрсатилгани айтилади.

СССР Афғон уруши учун ҳар йили 800 миллион доллар маблағ ажратган. Норасмий маълумотларга кўра эса СССР бу уруш учун ҳар йили 3 миллиарддан 8,2 миллиард долларгача маблағ сарфлаган.

Совет қўшинлари чиқарилганидан сўнг

СССР қўшинларининг Афғонистонда олиб борган ўн йиллик уруши бу мамлакат учун оғир асорат қолдирди. СССР ҳарбийлари чиқарилганидан кейин ҳам Афғонистон тинчимади. Турли гуруҳлар ҳокимият талашиб, фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Афғонистон ҳануз нотинч бўлиб қолмоқда. Бу юртда уруш бошланганига айни кунларда 40 йил бўлди.

Бугун барча — Афғон халқининг ўзи ҳам, унга чегарадош давлатлар, жаҳон аҳли — Афғонистонда тинчлик ўрнатилишини хоҳлаяпти. Аммо, ҳозирча бу хоҳишларнинг амалга ошиши қийин бўлмоқда. Аммо, умид сўнгани йўқ ва бу юртда тинчлик ўрнатилишига ишонувчилар ҳам кўп.

Ғайрат ЙЎЛДОШ тайёрлади.

Мавзуга оид