Ўзбекистон | 20:01 / 16.01.2020
4851
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк «Қишлоқ қурилиш банк»да давлат улушининг ошишини ўтиш чораси деб атади

«Қишлоқ қурилиш банк»да давлат улушининг ошиши трансформация жараёни олдидан ўтиш чораси ҳисобланади. Бу ҳақда пайшанба куни Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов маълум қилди.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

7 январда бўлиб ўтган «Қишлоқ қурилиш банк» AТБ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида бюджет ссудасидан вужудга келган 780 млрд сўм миқдоридаги маблағни АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” устав капиталидаги Молия вазирлигининг улушини кўпайтиришга йўналтириш бўйича қарор қабул қилинганди. Банкнинг устав фондидаги давлат улуши 90 фоиздан ортиқни ташкил этади.

Норқуловнинг қайд этишича, улушнинг оширилиши «банкнинг давлат олдидаги мажбуриятларининг бир қисмини қайта расмийлаштириш» бўлиб, ҳукумат давлатнинг банк секторидаги иштирокини қисқартириш режасини сақлаб қолмоқда. «Иккинчидан, бу банкнинг молиявий фаолияти барқарорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Аслида бундай қарорлар бошқа банклар бўйича ҳам қабул қилинган», - деди у.

«Бу банкларни трансформация ва хусусийлаштиришга тайёрлаш учун қилинмоқда. Банк оёқда мустаҳкам туриши учун уни қўллаб-қувватлаш керак. Ушбу чорани ўтиш чораси сифатида кўриш керак. Бу жонли пул тақдим этиш дегани эмас. Бу молиявий барқарорлик кўрсаткичларининг яхшиланиши», - деб таъкидлади Норқулов.

“Биз ҳозир (банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш бўйича – таҳр.) стратегия ишлаб чиқмоқдамиз. Хусусийлаштириш «Қишлоқ қурилиш банк» билан бўлгани каби кенг қамровли қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширишни талаб қилади», - деди у.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид