Ўзбекистон | 10:14 / 16.01.2020
2850
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Чехия олий даражадаги саммити бўлиб ўтади

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 15 январь куни Ҳиндистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Чехия Республикаси ташқи ишлар вазири Томаш Петршичек билан учрашди.

Вазирлар икки томонлама асосдаги ва «Ўзбекистон-Евроиттифоқ», «Вишеград гуруҳи – Марказий Осиё» шаклларидаги Ўзбекистон-Чехия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Суҳбат чоғида режалаштирилаётган олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади ТИВ хабарида.

Музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жабҳадаги алоқаларнинг фаоллаштирилиши маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш ва товар айланмаси ҳажмини ошириш, янги замонавий қўшма корхоналарни ишга тушириш имконини беради.

Икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги бой тажрибаси, сақланиб келинаётган анъаналари ва улкан салоҳияти, таъкидланганидек, мазкур тармоқдаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар беради. Шу жиҳатдан 2019 йил 1 февралдан Чехия фуқароларига 30 кунгача Ўзбекистонга кириш учун визасиз тартиб жорий этилишининг муҳимлиги эътироф этилди.

Учрашувда халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикчиликни янада кенгайтиришнинг самарали механизмлари ҳам кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид