Ўзбекистон | 17:14 / 17.01.2020
13630
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган ўрмонзор ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилади

Фото: Blessed Travel

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва мониторингини юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 31 декабрга қадар:

республика ҳудудида мавжуд бўлган ўрмонзор ер майдонларини;

Фанлар академияси билан биргаликда республика ҳудудида мавжуд бўлган табиий ҳолда ўсувчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тур таркиби ва унинг захираларини тўлиқ хатловдан ўтказилишини таъминлайди.

Белгилансинки, республика ҳудудидаги ўрмон фонди ер майдонларини ҳамда ушбу ҳудудларда мавжуд бўлган табиий ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турлари, таркиби ва уларнинг захираларини хатловдан ўтказишни молиялаштириш манфаатдор вазирлик ва идораларга йиллик ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш давлат ўрмон фонди ерлари доимий фойдаланишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги ташкилотлари томонидан уларга йиллик ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда уларнинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан ўрмон фонди тизимида бўлаётган ўзгаришларни назорат қилиш ҳамда ўрмонларнинг миқдор ва сифат ҳолатига даврий аниқлик киритиб бориш мақсадида амалга оширилади.

Ўрмонлар ҳолатида бўлаётган ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар ўрмонларни кузатиш ва бошқа ўрганиш материаллари асосида ўрмон хўжалигини юритувчи субъектлар томонидан ҳар йили ўрмон кадастри ва ҳисобга олиш ҳужжатларига киритиб борилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатларида давлат ўрмон фондининг ҳудудий, географик жойлашуви, майдони, қўриқланиш тоифалари, ўрмонзорларнинг тур таркиби, дарахт ва буталарнинг турлари, улар захирасининг миқдори ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги аниқ маълумотлар акс эттирилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатлари янгиланган маълумотлар асосида, қоида тариқасида, ҳар ўн йилда бир маротаба янгилаб борилади.

Ўрмонзорлар мавжуд бўлган бошқа вазирлик ва идоралар тизимидаги ташкилотларга ўрмонларнинг давлат ҳисоби юритилишида Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилади.

Давлат ўрмон фондининг ер турлари ва ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари бўйича тақсимланиши тўғрисидаги маълумотлар туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари билан келишилади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатлари вилоят, туман (шаҳар)лар бўйича Қўмитанинг ҳудудий органлари томонидан умумлаштирилади.

Давлат ўрмон фонди ерлари ўзларига доимий фойдаланишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳамда ўрмонзорлар мавжуд бўлган субъектлар ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатларини ўрмонларнинг давлат ҳисоби ўтказилган йилдан кейинги йилнинг 1 февралига қадар Қўмитанинг ҳудудий органларига тақдим этишлари шарт.

Қўмитанинг ҳудудий органлари туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари билан биргаликда давлат ўрмон фондининг ер турлари ва ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари бўйича тақсимланишини тасдиқлаш тўғрисида тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ва экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияси билан келишилган ҳолда, февраль ойининг 15 санасига қадар тегишли туман (шаҳар) ҳокимига тасдиқлаш учун киритади.

Қўмитанинг ҳудудий органлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари билан биргаликда давлат ўрмон фондининг ер турлари ва ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари бўйича тақсимланишини тасдиқлаш тўғрисида тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарорини тасдиқлаш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки вилоят ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ва март ойининг 1 санасига қадар белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатларини умумлаштириш ишлари якунлангандан сўнг давлат ўрмон фондининг ер турлари ва ўрмонларнинг қўриқланиш тоифалари бўйича тақсимланишини тасдиқлаш тўғрисида тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ўрмонларнинг давлат ҳисоби ўтказилган йилдан кейинги йилнинг март ойи 15 санасига қадар қабул қилинади ва ушбу қарор 15 кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки тегишли вилоят ҳокимининг қарори билан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатларини ўрмонларнинг давлат ҳисоби ўтказилган йилдан кейинги йилнинг апрель ойи 15 санасига қадар тегишли қарор нусхаси билан биргаликда Қўмитага тақдим этади.

Ўрмонларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳужжатлари келгусида ўрмонларнинг миқдор ва сифат ҳолатини белгилаш, ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва давлат ўрмон кадастрини юритишда фойдаланиш учун Қўмитада доимий сақланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид