Ўзбекистон | 13:38 / 17.01.2020
39240
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Олий Мажлис юқори палатасига 6 нафар сенатор сайланди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатасига вакиллар сайлаш бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлиси ўтказилди

Пойтахт ҳокимлиги хабарига кўра, қўшма мажлисда яширин овоз беришда 365 нафар депутат иштирок этди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 342та овоз, «Нуроний» жамғармасининг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Рустам Калонов 327та овоз, Ўз ФА Тарих институти директори Азамат Зиё 302та овоз, 25-Себзор сайлов округидан депутат Танзила Норбоева 349та овоз, ЎзФА Ўсимлик моддалари кимёси институти директори Шомансур Саъдуллаев 314та овоз ҳамда «Оила» илмий-амалий маркази директори Дилором Тошмуҳаммедова 317та овоз олиб, Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси қўшма мажлисларнинг баённомалари асосида бу баённомалар келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай Сенат аъзоларини рўйхатга олади, рўйхатга олишдан кейин ўн кун ичида эса гувоҳнома ва кўкрак нишони беради. Агар сайлов давомида, овозларни санаб чиқиш, яширин овоз бериш натижаларини аниқлаш чоғида ушбу Кодекс талаблари сайлов натижаларига таъсир қилган тарзда бузилишига йўл қўйилган бўлса, Марказий сайлов комиссияси Сенат аъзоларининг сайловини ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.

Бўшаб қолган ўринларга Сенат аъзолари сайлови тегишли қўшма мажлисларда ушбу Кодекс талабларига риоя этилган ҳолда ўтказилади. Сенат ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Сенат аъзосининг ўрни бўшаб қолса, бўшаб қолган ўринга Сенатнинг янги аъзоси сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

Мавзуга оид