Ўзбекистон | 14:44 / 20.01.2020
3209
5 дақиқада ўқилади

Пиллачиликда ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди

Фото: Dreamstime

Президент “Пиллачилик тармоғида ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

2020 йилда янги тутзорлар барпо этиш учун пиллачилик тармоғи ташкилотларига ўрнатилган тартибда кўп йиллик ижара шартномаси асосида ажратиладиган қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларининг ҳудудлар кесимидаги рўйхати;

2020-2024 йилларда республика ҳудудларида мелиоратив объектлар атрофида ва қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун ихота тутзорларини барпо этиш прогноз параметрлари;

2020-2025 йилларда ипак қурти парваришлаш ва тирик пилла хомашёси етиштиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ янги интенсив тутзорлар барпо этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан:

пиллачилик ва тутчилик ташкилотларига тутзорларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этган ҳолда янгидан ташкил этилган тутзорларнинг ҳар бир гектарига 8 миллион сўмгача;

майдони 35 гектардан зиёд тутзорларда сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга 120 миллион сўмгача субсидия тақдим этилади.

Бунда бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби пиллачилик ва тутчилик ташкилотлари томонидан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуриш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди.

Мазкур бандда кўрсатилган субсидиялар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетида Ўзбекистон Республикаси президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг тутзорларни ташкил этишга, сув ва моддий ресурслар (электр энергияси, минерал ўғитлар ва бошқалар) иқтисод қилинишига таъсирини мустақил консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда ўрганади ва 2020 йил 15 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига сув тежовчи суғориш технологияларни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклифлар киритади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган тутзорларни тажриба синов тариқасида аҳолига оилавий пудрат асосида 1 гектардан 3 гектаргача тақсимлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

а) бир ой муддатда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятларига тегишли бўлган тутзорларни аҳолига оилавий пудрат асосида тақсимлаш тартибини қуйидаги механизмларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиб, тасдиқлайди:

пиллачилик ташкилотлари томонидан аҳолига тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари ва пилла мавсумларида ипак қурти уруғини бепул тарқатиш;

аҳолига тутзорнинг бут сақланиши, тут барги ҳосилдорлигини ошириш, етиштирилган пилла ҳажми бўйича талаб қўйилиши;

аҳоли томонидан етиштирилган пилла ҳосилини сотишдан ташқари тутзорлар орасига қўшимча экинлар экиш орқали олинадиган даромадларни уларнинг ўзларида қолдириш;

б) 2020 йил 1 апрелга қадар тажриба синов тариқасида мувофиқ ҳудудлардаги тутзорларни аҳолига оилавий пудрат асосида бириктириб берилишини таъминлайди ва 2020 йил 1 ноябрга қадар тажриба синов натижаларига асосан республиканинг қолган ҳудудларидаги мавжуд тутзорларни аҳолига оилавий пудрат асосида тақсимлаш бўйича таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар:

республикадаги мавжуд тутзорлар хатловдан ўтказилишини таъминлайди;

хатлов натижасида аниқланган эскирган, яроқсиз тутзорларни янгилаш дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;

ўзбошимчалик билан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун бериб юборилган тутзорлар бўйича маълумотларни тегишли органларга, шу жумладан прокуратура органларига қонунчиликда ўрнатилган тартибда чора кўриш учун тақдим этади;

б) 2020 йил якунига қадар пиллачилик тармоғи ташкилотларига ажратиладиган ерларда камида 5 минг гектар тутзор ташкил қилиш ва уларда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш чорасини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид