Жамият | 12:12 / 21.01.2020
4715
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда гиёҳвандлик воситаси сақлаган шахслар аниқланди

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 13 январь куни тахминан соат 20:40ларда Қашқадарё вилояти ИИБ, ДХХ ва Божхона ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Ушбу жараёнда, Қарши шаҳри ҳудудида “Ғузор-Қарши А-380” автомобил йўлидан ҳаракатланиб келаётган фуқаро, 40 ёшли Б.М.нинг бошқарувидаги Matiz русумли автомашинаси тўхтатилиб кўздан кечирилганида, ҳайдовчи Б.М.нинг эгнидаги курткасининг чап чўнтагида 7 дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига солинган, таркибида қуритилган ҳолатдаги соф оғирлиги 21,9 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 1 дона 1.000 сўмлик купюрага ўралган соф оғирлиги 0,6 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, 2020 йил 14 январь куни тахминан соат 10:20ларда тадбир жараёнида, фуқаролар 46 ёшли Р.С., ва Р.А. Ғузор тумани Амир Темур маҳалласида кўчада тўхтатилиб текширилганида, Р.С., ўз ихтиёри билан 1 дона “Спички” ёзувли гугурт қутисига солинган соф оғирлиги 2,7 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини тақдим қилган ва Р.А.нинг эгнидаги курткасини енгини ичидан 1 дона “Спички” ёзувли гугурт қутисига солинган соф оғирлиги 3,2 гр., 1 дона расмли вараққа ўралган соф оғирлиги 2,4 гр., 1 дона “Кент” ёзувли сигарет қутиси ичида оғирлиги 0,4 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси ва бошқа бир “Кент” ёзувли сигарет қутиси ичида оғирлиги 6,2 гр. каннабис ўсимлигининг уруғлари борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Шу билан бирга, 2020 йил 14 январь куни соат тахминан 11:00ларда Ғузор туманида яшовчи 46 ёшли Р.С.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганида, унинг хонасидан оқ рангли, полимер хўжалик сумкасини ичида қуритилган ҳолатдаги соф оғирлиги 151,5 гр. “Марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаролар Б.М., Р.С. ва Р.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан ушбу модда билан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид