Спорт | 20:46 / 22.01.2020
16713
2 дақиқада ўқилади

ОЧ-2020. Жанубий Корея финалга чиқди, Ўзбекистон Олимпиада йўлланмаси учун Австралияга қарши ўйнайди

Осиё чемпионати (U23) ярим финали доирасидаги иккинчи учрашувда Жанубий Корея олимпия жамоаси Австралияга қарши майдонга тушди.

Ярим финал ўйиннинг 56-дақиқасида Ким Даэ-Вон Австралия жамоаси дарвозасини ишғол этиб ҳисобни очган бўлса, 76-дақиқада Ли Донг-Гёнг ажойиб зарбаси билан ҳисобдаги фарқни иккитага етказди – 2:0.

Натижада Австралия устидан ишончли ғалабага эришган корейслар Токио-2020 йўлланмаси билан бирга финалга ҳам йўлланма олишди. Гуруҳдошимиз чемпионлик ўйинида бизни мағлуб этган яна бир жамоа – Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади.

Австралия олимпия жамоаси эса Осиёдаги эгаси ҳозирча аниқ бўлмай турган ягона Олимпиада йўлланмаси учун курашда Ўзбекистон олимпия жамоасига қарши майдонга тушади. 3-ўрин учун ўйин 25 январь, шанба куни ўтказилади. Баҳс ғолиби Токио-2020га йўл олади. 

Осиё чемпионати (U23). 
Ярим финал. 22 январь
Жанубий Корея – Австралия – 2:0
Гол: Ким Даэ-Вон 56, Ли Донг-Гёнг 76.

3-ўрин учун ўйин.
25 январь (шанба)
Ўзбекистон – Австралия

Финал. 26 январь
Жанубий Корея – Саудия Арабистони.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид