Жамият | 00:45 / 26.01.2020
18952
2 дақиқада ўқилади

Тойлоқда жиноятни очишда ёрдам берган фуқаро тақдирланди

Фото: Depositphotos

22 январь куни соат 19:00 атрофида Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳудудидан ўтган А-377 автомобиль йўлининг 23-километрида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган.

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, номаълум шахс бошқарувидаги номаълум русумли автомашина аёл кишини уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган. Пиёда турли жароҳатлар билан ҳодиса жойида вафот этган.

Айбдорни топиш мақсадида туман ИИБ томонидан тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, суриштирув ишлари бошланади. Тасодифан ўша кунги воқеа шу йўлда ҳаракатланаётган Иштихон туманида яшовчи А.И.нинг автомашинасига ўрнатилган видеорегистратор хотирасида қайд этилган. Ана шу видеоёзув жиноятчини топишда муҳим далил бўлиб хизмат қилади.

Фуқаро аввал машинадан тушиб, ҳалокат қурбонининг олдига боради ва тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилади, кейин эса Тойлоқ туман ИИБ ходимларига мазкур ЙТҲни содир этган шахснинг автомашинаси ҳақидаги видео тасмани ўз ташаббуси билан тақдим этади.

Ушбу маълумотга асосан олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида, йўл-транспорт ҳодисасини Тойлоқ тумани «Боғизоғон» маҳалласида яшовчи К.Х. исмли шахс ўз бошқарувида бўлган «ГАЗ-24» русумли автомашинаси билан содир этгани аниқланган. Айбдор қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзининг фуқаровий бурчини бажариб, жиноятни очишга кўмаклашган фуқаро А.И.га Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси ва Тойлоқ туман ҳокимидан телевизор совға қилинди.

Мавзуга оид