Ўзбекистон | 20:04 / 27.01.2020
74215
4 дақиқада ўқилади

«Мураккаб даврда авторитар бошқарув бўлиши табиий» – тарихчи Каримов даври ҳақида

Бугун, 27 январь куни «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида: Президентлик институти ташкил этилганининг 30 йиллиги» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти олими Раҳим Эргашев мамлакатда президентлик институтининг таъсис этилиши мураккаб сиёсий давр талаби бўлгани ҳақида гапириб ўтди.

«Ҳар қандай давлатда ҳам президентлик институти энг мураккаб, ҳал қилувчи даврда жорий этилган. АҚШ ва Европа давлатларида ҳам, Африка ва Осиёда ҳам мамлакат мустақил бўла бошлаган пайтда, давлат учун ҳал қилувчи паллада бу лавозим таъсис этилган. Чунки тарихий жараёнда юз бераётган воқеаларга шахсан жавоб берадиган одам зарур. Ўзбекистонда ҳам бу жараён шундай кечди», дейди олим.

Раҳим Эргашев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов давридаги сиёсий бошқарувга илмий баҳо бериш кераклигини таъкидлар экан, бу даврга «авторитар режим» сифатида берилаётган турли муносабатлар юзасидан фикр билдирди.

«Ислом Абдуғаниевичнинг 1989 йилда давлат раҳбарлигига келган давридан бошлаб сиёсий фаолиятини илмий таҳлил қилиш зарур. Чунки матбуотда, ижтимой тармоқларда Ислом Каримов билан бирга бўлган, ўша даврда ишлаган баъзи раҳбарлар ўз чиқишларида шу даврга нисбатан жуда ҳам тўғри бўлмаган фикрларни айтишяпти. Бу, албатта, уларнинг шахсий фикрлари, лекин буни халқ ўқияпти. Бундай қарашларга чек қўйиш учун илмий баҳо бериш керак.

Ислом Абдуғаниевич даврида авторитар режим бўлган эди, деб кўп айтилади. 1993 йилда «Комсомольская правда» газетасига берган интервьюсида Ислом Каримовнинг ўзлари: «Мураккаб даврда, ўтиш даврида масъулиятни ўз бўйнига олган инсонда шунга яраша ҳуқуқ ҳам бўлиши керак. Биз истаймизми-йўқми, бу бошқарувнинг авторитар шаклини жорий этади», деган эди», – дея хотирлади тарихчи.

«Бундан ташқари, авторитар бошқарув элементлари бошқа давлатларнинг мураккаб даврларида ҳам жорий қилинган. Мустақилликка эришишда, мустақилликнинг дастлабки даврида шундай бўлади. Бу ҳеч кимга сир эмас. Биз буни илмий асослаб, ўтиш даври учун зарурат эканлигини кўрсатишимиз керак.

Қайта қуриш давридаги баъзи принциплар мустақилликдан кейин бекор қилинди. Ана шу принциплар билан борилганда тўғри бўларди, деган эътирозлар ҳам бўлган. Қандай принциплар? Мисол учун, оппозициянинг бўлиши. Бу ҳозирги кунда ҳам муамммо. Аммо ўтиш даврида бошқарув тажрибасига эга бўлмаган ва сиёсий салоҳияти етарли бўлмаган шахсларнинг ҳокимиятга келиши мамлакат учун яхши натижаларга олиб келмайди», – дея қўшимча қилди Эргашев.

Унинг фикрича, президентлик институти вақт ўтиши, давр алмашиши билан трансформацияга учраб боради.

«АҚШда дастлаб Жорж Вашингтон президент этиб сайланганда бу лавозим монархликнинг муқобили сифатида таъсис этилган. Асрлар ўтиб, институт моҳияти ўзгарди, ваколатлари ўзгарди. Бизда ҳам 30 йил ичида бу лавозим ўзгара борди. Ислом Каримов ҳам президентнинг баъзи ваколатларини Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамасига берди. Бу доимий давом этадиган тарихий жараён», – дейди Раҳим Эргашев.

Эслатиб ўтамиз, бугундан Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳафталиги бошланди.

Мавзуга оид