Жаҳон | 23:49 / 28.01.2020
77169
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконглик олимлар янги коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишди – ОАВ

Фото: AP

Ҳонгконглик олимлар гуруҳи Хитойда тарқалган янги турдаги коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқди, бироқ уни синовдан ўтказиш учун анча вақт талаб этилади. Бу ҳақда Ҳонгконг университети микробиологига таяниб South China Morning Post нашри маълум қилди.  

“Биз вакцинани ишлаб чиқдик, бироқ уни ҳайвонларда синовдан ўтказиш учун анча вақт талаб этилади”, деб маълум қилган профессор Юэн Квок-Юнг.

профессор Юэн Квок-Юнг.

Олимнинг таъкидлашича, вакцинанинг ҳайвонларда синалиши бир неча ой, одамларда синалиши эса яна бир йил талаб қилиши мумкин. 

Таъкидланишича, ҳонгконглик олимлар оддий гриппдан вакцинага коронавируснинг юза антигенининг бир қисмини қўшиб, уни модификация қилишган. Шу тариқа, янги вакцина ҳам гриппга, ҳам зотилжам келтириб чиқарувчи янги коронавирусга қаршилик кўрсата олиши мумкин.

Аввалроқ Шанхайдаги Тунцзи университети қошидаги Дунфан госпитали ва Хитойнинг Stermina биотехнологик компанияси коронавирусдан мРНК-вакцинани ишлаб чиқиш лойиҳасини тасдиқлагани маълум қилинганди. Шунингдек, АҚШнинг Johnson&Johnson (J&J) компанияси бош илмий ходими Пол Стоффелс коронавирусга қарши вакцинани яратиш бўйича ишлар фаол олиб борилаётгани ва у яқин ойларда тайёр бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Мавзуга оид