Жамият | 18:48 / 31.01.2020
3818
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон иккита соҳада гендер тенглигига эришди – Сенат

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида гендер тенглигига эришди. Бошқа йўналишларда ҳам шу натижага эришиш учун Гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқиляпти.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда жамиятнинг барча соҳаларида аёл ва эркаклар тенг ҳуқуқлигини таъминлашни мақсад қилувчи 2020-2030 йилларда Гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинади.

Бугун, 31 январь куни ҳужжат муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири

Стратегиядан кўзланган асосий мақсад – барча аёллар ва қизлар, эркаклар ва болалар учун уларнинг ирқи, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқейидан қатъи назар ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги фундаментал инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш ҳисобланади.

Давра суҳбатини очиб берган Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматованинг қайд этишича, Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича 188та давлат орасида 44-ўринни эгаллаган.

«Мамлакатда барча соҳаларда аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларидан фойдаланишига ҳаракат қилинмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сайловлар мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Ҳозирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида гендер тенглигига эришди. Бошқа йўналишларда ҳам шу натижага эришиш учун мазкур стратегия ёрдам беради», – деди Феруза Эшматова.

Стратегияда 9та мақсад қамраб олинган:

– ижтимоий-сиёсий ҳаётда эркак ва аёлларнинг иштирок этишида тенг имконият ва ҳуқуқларни яратиш;
– аёл ва эркакларнинг иқтисодиёт, бандлик ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда гендер тенглигини таъминлаш;
– бутун ҳаёт давомида барча учун адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш;
– барча хотин-қизлар учун гендер тенглигини таъминлаш, зўравонликдан ҳимоялаш, одам савдосига чек қўйиш;
– барча эркак ва аёллар учун ижтимоий ҳимоя, соғлом турмуш тарзини таъминлаш;
– миллий гендер статистикасини ривожлантириш;
– режалаштириш ва бюджетлаштиришда гендер масаласини инобатга олиш;/
– ОАВда гендер муаммоларининг кенг ёритилишини таъминлаш;
– барча учун хавфсиз экологик муҳитни таъминлаш масалаларига хотин-қизларни жалб қилиш.

Гендер тенгликка эришиш стратегияси БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга асосланган.

Ҳозирда ҳужжат бўйича тегишли идора ва ташкилотларнинг фикрлари ўрганилиб, муҳокама жараёни олиб борилмоқда. Стратегия шу йилнинг февраль ойида тасдиқланиши кутиляпти.

Стратегияда қайд этилган мақсадларга 2030 йилгача эришиш режалаштирилган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид