Жамият | 17:15 / 31.01.2020
9203
3 дақиқада ўқилади

Шаҳлога битта эндопротез қўйилди, яна биттасига маблағ етмаяпти

2018 йил сентябрь ойида Kun.Uz таҳририяти  «Шаҳлога зудлик билан эндопротез қўйилиши керак!» сарлавҳали хайрия акцияси ўтказган эди. Таҳририят мухбири Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳри, Заҳриддин Муҳаммад Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳло Холматова оиласига ташриф буюриб, унга қандай ёрдам зарурлигига қизиққанди. 

Маълум бўлишича, 1991 йилда таваллуд топган Шаҳло туғма чап сон чиқишидан азият чеккан. Натижада чап оёғи ҳозирда ўнг оёғидан 5 сантиметр калта бўлиб қолган. Болалигида унчалик ҳам сезилмаган дард Шаҳлонинг ёши катта бўлгани сари ўнг оёққа оғирлик тушиши натижасида ўзининг салбий оқибатини кўрсата бошлаган ва “ўнг томонлама диспластик коксартроз Ⅲ-даражаси”га олиб келган. Республика Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти клиникасида даволанганида, бош врач Шавкат Мирзаев ўнг оёққа эндопротез қўйиш кераклигини, бу қанчалик тез амалга оширилса, шунча яхши экани, кейинчалик чап сон суягига ҳам оёқни узайтириш мақсадида эндопротез қўйиш даркорлигини таъкидлаган. 

Яқин кунларда, Kun.uz мухбири Шаҳло билан яна бир бор боғланди ҳамда саломатлиги билан боғлиқ аҳволи, даволаниш ишлари қай даражада эканига қизиқди. Унинг айтишича, бугунги кунда унинг бир оёғига эндопротез қўйилган, эндиликда, иккинчи эндопротез учун маблағ йиғилмоқда. Навбатдаги эндопротез учун яна 20 млн сўм зарур ва бу пул ушбу оила учун катта маблағ ҳисобланади. 

9 ёшида отаси ташлаб кетган ва оилада кенжа қиз бўлган, Ⅱ-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, шаҳардаги боғчада мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаётган Шаҳло саховатпеша ҳамюртларига яна бир карра мурожаат қилиб, шу маблағни тўплашда кўмак беришларини, шу билан дардидан фориғ бўлишни, барча сингари турмуш кечиришга ҳисса қўшишларини илтимос қилиб сўраб қолади. 

Азиз, хайр-саховатли ватандошлар, хабарингиз бор, биз БАРЧАМИЗ биргаликда кўплаб дардманд ҳамюртларимиз шифо топишига ҳисса қўшдик. Савобли ишнинг эса, катта-кичиги бўлмайди. Шундай экан, келинг, бу сафар ҳам умид ва ишонч билан бизга-юртдошларига мурожаат қилган Шаҳлонинг умидини сўндирмайлик, имконимиз даражасида ёрдам берайлик! Узрлиларимиз дуоларида ёдга олиб, Аллоҳдан шифои комил сўраб дуо қилишса, Шаҳлога жуда катта маънавий ёрдам берган бўлишади. 

Шаҳло Холматова (+998949172818)

PAYME, CLICK Agrobank АТБ Янгиер шаҳар филиали

Банк карточка рақами: 8600 0423 6536 2408

МФО: 00378

ИНН: 200 331 065

Ҳисоб рақами: 2312 0000 8000 0037 8001

Нақд пул топширганда: 23116000300000378001

Картадан картага пул ўтказганда: 23118000100000378001

Мавзуга оид