Ўзбекистон | 21:38 / 01.02.2020
7783
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими «Халқ таълими ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди

Халқ таълими вазирлиги Шуҳратбек Абдураҳмоновни 2019 йилда мактабларнинг моддий-техника базасини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун мукофотлади.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Халқ таълими вазирлиги томонидан «Халқ таълими ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вилоят раҳбари «2019 йилда халқ таълими муассасаларини моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича кўрсатган алоҳида эътибори ва ёрдами учун» эътироф этилган.

Кўкрак нишонини 1 февраль куни Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев тантанали равишда топширди.

Маълумот учун, Андижон вилоятида 764та мактаб, 17та «Баркамол авлод» болалар мактаблари ва битта болалар шаҳарчаси фаолият кўрсатмоқда.

Умумтаълим мактабларида таълим олаётган 555 минг 448 нафар ўқувчига 39 минг 867 нафар ўқитувчи таълим-тарбия беряпти.

2019 йили давлат дастурлари асосида вилоятда жами 53та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 2та янги мактаб қурилди, 27та мактаб капитал-реконструкция ва 24та мактаб капитал таъмирланди. Ушбу ишларга 177,1 млрд.сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, маҳаллий бюджетдан ортирилган маблағлар ҳисобидан қўшимча равишда Шаҳрихон ва Улуғнор туманларида янги мактаб биноларини қуриш учун 14,5 млрд. сўм маблағ ажратилиб, Шаҳрихон тумани Карнайчи МФЙ ҳудудида янги мактаб қуриб фойдаланишга топширилди.

Мавзуга оид