Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбарига ҳамдардлик билдирди ва коронавирусга қарши курашда ҳамкорлик таклиф этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан эпидемиянинг фожиали оқибатлари муносабати билан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга ва дўст Хитой халқига чуқур таъзия билдирди. Ўзбекистон умумий хатарга қарши самарали курашиш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга мактуб йўллаб, коронавирус туфайли вафот этган хитойликлар учун ҳамдардлик билдирди.
«Хитойда янги турдаги коронавирус сабабли келиб чиққан касаллик тарқалишининг фожиали оқибатлари тўғрисидаги ташвишли хабарлар Ўзбекистон Республикасида алоҳида хавотир ва қайғу билан қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан дўст Хитой Халқ Республикаси халқига чуқур ҳамдардлик билдираман, барча жабрланганларнинг тез фурсатда шифо топишини тилайман.
Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон халқи сизга елкадош бўлиб, хитойлик дўстларга чин дилдан қайғудош эканини алоҳида таъкидлашни истардим.
Сизнинг раҳбарлигингиз остида ушбу хавфли пандемияга қарши курашиш борасида кўрилаётган мардона саъй-ҳаракатлар ва самарали чора-тадбирларни юксак қадрлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу умумий хатарни бартараф этиш мақсадида зарур кўмак кўрсатишга интиламиз.
Ўзбекистон ҳукумати ушбу касаллик тарқалишига биргаликда қарши курашиш чораларини Хитой билан яқиндан мувофиқлаштиришга тайёр.
Яна бир бор чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, Сизнинг қатъий ҳаракатларингиз туфайли буюк хитой халқи ушбу қийинчиликларни тез фурсатда муносиб енгиб ўтишига ишонч билдираман», дейилади номада.
Бундан аввалроқ Ўзбекистондан Хитойга ва Хитойдан Ўзбекистонга авиапарвозлар вақтинчалик тўхтатилгани, Ўзбекистон фуқароларининг Хитойдан эвакуация қилиниши учун чартер рейслар ташкиллаштирилиши маълум қилинганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус қурбонлари сони 305 нафарга етган, уни юқтириб олганлар сони 14 минг 380 нафарни ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
14:00 / 29.01.2024
Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди
13:17 / 29.01.2024
Тажриба тариқасида 5 та шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилинади
20:35 / 26.01.2024
Таълим соҳасида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади
18:48 / 25.01.2024