Жамият | 20:04 / 04.02.2020
15500
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Самарқанддаги автосалонда машиналар ўз эгаларига тарқатилмоқда

2 февраль куни Kun.uz сайтида «Монополиянинг яна бир зарарли оқибати: Самарқандда пул тўлаган юзлаб харидорлар автосалондан машиналарини ололмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда «Самарқанд автотеххизмат» МЧЖ билан шартнома имзолаган мижозларнинг машиналари берилмай турилгани, бу каби ҳалак бўлаётган харидорлар сони эса камида 300 нафарлигини билдирилган.

Мақолада келтирилган фактларни ўрганиш ва истеъмолчиларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан муайян чоралар кўрилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Хусусан, 3 февраль куни Самарқанд вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан вазият ўрганилди.

Аниқланишича, чиндан ҳам «Самарқанд Автотеххизмат» МЧЖ томонидан ўтган йилнинг охирги чораги мобайнида 39 нафар юртдошимиз билан имзоланган шартномалар бўйича тегишли мажбуриятлар бажарилмаган экан. Жумладан, энг кечи билан шу йил 31 январь куни етказиб берилиши шартнома бандларида қатъий белгилаб қўйилган машиналар ўз эгаларига етказиб берилмаган.

Агентлик вакилларининг аралашуви билан 3 февраль, душанба кунининг ўзида 21 нафар истеъмолчи ўз машинасини олди. Шу билан бирга, уларга кечиктирилган ҳар бир кун учун шартномада белгиланган миқдорда пеня тўлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, МЧЖ мутасаддиларининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 19-моддаси талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аломатлари бўйича жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бугун, 4 февраль куни қолган 18 нафар мижоз ҳам «Самарқанд Автотеххизмат» МЧЖдан ўз автомобилларини олиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жамоатчилик назоратини амалга оширгани ва фуқароларимиз ҳуқуқи бузилгани ҳақида берган хабари учун сайт маъмурияти ҳамда журналистга миннатдорчилик билдиради. Шу билан бирга, келгусида ҳам изчил ҳамкорликка тайёр эканимизни маълум қиламиз», — дейилади агентлик хабарида.

Мавзуга оид