Жамият | 21:03 / 07.02.2020
8216
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Андижонда электрдан қарз дейилган мижоз 2 миллиондан зиёд ҳақдор бўлиб чиқди

Расмий изоҳга кўра, хонадондаги электр ҳисоблагич АСКУЭ тизимига тўлиқ уланмагани сабабли дастур кунлик истеъмол бўйича ҳисоб-китоб қилиб, истеъмолчига нореал қарздорлик шаклланган.

6 февраль куни сайтимизда «Андижон туманидаги мижоз электрдан ҳақи бўла туриб, нега қарздор бўлиб қолди?» номли танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда Андижон тумани «Ойжамол» МФЙда яшовчи Ҳ.Ашуровнинг хонадонига туман МИБ ташкилотидан қарздорлиги ҳақида талабнома келгани, бироқ мижоз ўзидаги тўлов квитанцияларига асосланиб, электрдан қарз эмаслигини аниқлаш учун туман «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонасига бориб тўлиқ маълумот ололмаётгани айтилганди.

«Андижон ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мазкур материал юзасидан тезкор чора кўрилгани ҳақида ахборот тақдим этди.

«Истеъмолчининг хонадонига АСКУЭ  тизимига мос бўлган ЕХ русумли электр ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, ушбу электр ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн тартибда қабул қилиниши назарда тутилган. Аммо АСКУЭ тизимига тўлиқ уланмагани сабабли дастур кунлик истеъмол бўйича ҳисоб-китоб қилиб, истеъмолчига нореал қарздорлик шаклланган.

Ҳозирда «Куйганёр туман электр тармоқлари корхонаси» ходимлари Мажбурий ижро бюроси туман бўлими вакиллари иштирокида ўрганилиб, истеъмолчи электр энергиясидан 2 256 000 сўм ҳақдорлиги аниқланди ва қайта хатлов қилиниб, истеъмолчининг «Электрҳисоб» дастуридаги шахсий ҳисоб рақамига ўзгартириш киритилди», – дейилади расмий билдиришда.

Мавзуга оид