Европа тикланиш ва тараққиёт банки директори ўринбосари (Associate Director) Музаффар Зухуров – 39 ёшда. У 20 йилдан буён Англияда яшайди. Грант асосида Ланкастер университети бакалавриатини тамомлаб, 2005 йилда Сент-Эндюрс университетида магистр-иқтисодчи дипломини олган ва шундан буён Англияда банк соҳасида ишлаб келмоқда.

Ҳамюртимиз билан Буюк Британияга сафаримиз давомида суҳбат уюштирдик. Суҳбатимиз ЕТТБнинг Лондондаги бош штаб-квартирасида бўлиб ўтди.

Халқаро молия ташкилоти Ливерпуль-стрит вокзали ёнида жойлашган. У ерга борганимизда қош қорайиб қолган (Англияда қиш кунлари соат 16:00даёқ қоп-қоронғи бўлади), банкда иш вақти тугагани сабаб деярли ҳеч ким кўринмасди.

Музаффар Зухуровдан биринчи бўлиб Ўзбекистонда охирги йилларда бўлаётган ўзгаришларга муносабатини сўрадик. У ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик 2017 йилда тикланганини эслаб ўтиб, суҳбат давомида шахсий фикрларини билдириши, буни ташкилот номидан айтилаётган фикрлар деб қабул қилмасликни сўради.

«Четдан кузатганда жуда кўп ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти», дея эътироф этган Зухуров валюта либерализацияси, қишлоқ хўжалигидаги узоқ кутилган ислоҳотлар, йирик монополияларни бўлакларга ажратиб, тақсимлашга қаратилган ҳаракатлар, норасмий сектордаги кичик ва ўрта бизнесни расмий иқтисодиётга олиб ўтишда солиқ ислоҳотининг ўрни, капитал бозорини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар, банк соҳаси модернизация қилина бошлаганига эътибор қаратди.

Биз эса ислоҳотлар жараёнида қайси нуқталарда оқсашни кузатяпсиз, дея савол бердик.

Охир-оқибатда фақат 2-3та банк давлат қарамоғида қолса етади

«Ҳозир Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотларида ишлаётган одамлар билмай ё кўрмай қолган қанақадир соҳалар бор, улар мана бундай қилиши керак, дейиш нотўғри, менимча.

Банк соҳасига келсак, Ўзбекистонда банк активларининг 80 фоиздан ортиғи давлат қарамоғида. Бу – муаммо. Охир-оқибатда, мисол учун, давлат қарамоғида 2-3та банк қолса, бу банклар инфраструктура бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватласа, тўғри бўларди. Чунки инфраструктура узоқ муддатли инвестиция талаб қилгани учун хусусий банклар унга пул ажратиши қийин. Нафақат Ўзбекистонда, ҳамма жойда шундай. Қолаверса, қайсидир туманларга хусусий банклар бормаслиги, чунки у жойларда банкнинг фойда олиши қийинроқ бўлиши мумкин. Шу каби туманларда аҳолига чакана хизмат кўрсатувчи давлат банкларига эҳтиёж бўлади.