Китобда қабрни кавлаган аёлни «самосуд» қилганларга жарима тайинланди
«Самосуд»да айбланган уч киши 446 минг сўмдан жаримага тортилди.
Kun.uz сайтида «Қабристонда маййитларнинг тилла тишини суғуриб олишга уринган шаҳрисабзлик аёл аҳоли томонидан калтакланган» сарлавҳаси остидаги материалда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида қабристонда маййитларнинг қабрини очган аёл маҳаллий аҳоли томонидан «самосуд» қилиб калтаклангани ҳақида хабар берилган эди.
Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, воқеа 2019 йилнинг 1 сентябрь куни соат 13:30ларда Китоб тумани «Улуғбек» МФЙ ҳудудида жойлашган «Қабри Охун» қабристонида рўй берган.
Шаҳрисабз туманининг Сарой қишлоғида яшовчи фуқаро Ш.У. бориб, ўзига нотаниш марҳум Т.А.нинг қабрини қўлида бўлган тешача билан қазимоқчи бўлганида, шу маҳаллада яшовчи фуқаролар томонидан ушлаб олинган. Мазкур ҳолат Китоб туман ИИБ Навбатчилик қисмидан рўйхатдан ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирувчи томонидан 2019 йил 1 сентябрь куни ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганида марҳум Т.А. қабрининг устки қисми бузилган ҳолатда экани, қабр ярмигача очилгани, қабрдан 3 дона ёғоч кавлаб олингани, қабрнинг ёнида кавлаш учун мўлжалланган «тешача» ва ёнида қора рангли товуқ ҳам боғланган ҳолда тургани аниқланган.
Судга оид психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, текширилувчи Ш.У. мутахассислар кўригида бўлишига қарамасдан, муқаддам асаб-руҳий касалликлар шифохонасида даволанмагани, диспансер ҳисобида турмаслиги, текширув вақтида руҳий ҳолатидаги айрим клиник белгиларида ноаниқликлар кузатилгани боис, амбулатор-судлов экспертизаси ҳайъатида шубҳа уйғотгани сабабли текширилувчининг руҳий ҳолатига аниқлик киритиш ва руҳий ҳолатини илмий асослаб беришлик лозим бўлгани учун Ўзбекистон Республикаси ССВ қошидаги Республика 1-сонли клиник руҳий касалликлар шифохонасида стационар тартибда суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш тавсия этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.У.нинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 134-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланган бўлса-да, у томонидан содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш, кам аҳамиятли қилмиш ўлароқ баҳоланиб, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан 2019 йил 18 сентябрь куни жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.
Фуқаро Ш.У. тан жароҳати олгани юзасидан ички ишлар органларига шикоят ёки ариза билан мурожаат қилмаган.
Интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирларда Ш.У.нинг ҳаракатларидан норози бўлган фуқаролар унинг устидан «самосуд» уюштириб, калтаклангани ҳолати акс этган.
Шу сабабли 4 февраль куни фуқаро Ш.У. га нисбатан етказилган тан жароҳати ва ҳақорат ҳолати Китоб тумани ИИБ Навбатчилик қисмидан рўйхатдан ўтказилиб, мазкур ҳолат бўйича Китоб туман ИИБ ИИО ТП профилактика инспектори томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.
Чунончи, экспертиза тайинланиб, унинг хулосаси олинган ва иш ҳужжатларига қўшилган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг 6 февраль кунидаги 31/6-Хал сонли хулосасида, Ш.У.нинг танасида, ўнг ёноқ соҳасида қонталаши, юқори лаб юқори шиллиқ қаватида қон қўйилиши ва юқори лаб пастки соҳаси шилинмаси кўринишида жароҳатлари мавжуд бўлиб, ушбу жароҳатлари шу шикастланган соҳаларига бирон бир ўтмас тўмтоқ жисмнинг таъсирлари натижасида юзага келгани, жароҳатларнинг ҳосил бўлиши, қарорда, тиббий ҳужжатда ва кўрикдан ўтувчи кўрсатган вақтда вужудга келган бўлиши мумкинлиги, тан жароҳатини оғирлик даражалари буйича, текширилувчининг соғлиғини қисқа муддатга ёмонлашувига олиб келмаган енгил шикаст етказгани аниқлангани кўрсатилган.
Текшириш ҳаракатлари давомида, 1981 йилда Китоб туманида туғилган, туманнинг «Улуғбек» МФЙда яшовчи У.А., 1952 йилда туғилган фуқаро М.Қ., 1985 йилда туғилган А.Қ.га нисбатан ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўгрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқлангани сабабли, тўпланган ҳужжатлар, 2020 йил 6 февраль куни кўриб чиқиш учун Китоб туман маъмурий судига юборилган.
Китоб туман маъмурий суди ишни кўриб чиқиб, уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.
Мавзуга оид
18:06 / 17.10.2024
Қашқадарёда судя ёрдамчиси ўзини ишдан бўшатган суд раиси устидан шу судга даъво киритди
18:36 / 18.09.2024
“Ҳаммадан бир хил ундирилади” - Китобда ёшлар етакчиларининг маоши пахта терими учун ушлаб қолинмоқда
13:07 / 09.07.2024
Қашқадарёда маст ҳайдовчи ЙҲХ инспекторини пичоқлаб қочди. Инспектор вафот этган
14:03 / 11.06.2024