Жаҳон | 21:10 / 10.02.2020
37688
4 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Круиз лайнерда зарарланганлар сони ортмоқда, Британия шошилинч чоралар кўрмоқда

Япониянинг Йокогама шаҳри қирғоқлари яқинида карантинга олинган «Даймонд принцесс» круиз лайнерида коронавирус юқтириб олган йўловчилар сони 130 нафарга етди. Аввалроқ вирусдан зарарланганлар сони 70 нафарлиги айтилганди, бир кун ичида беморлар сони қарийб икки баробар ошган.

GETTY IMAGES

Япония Соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб NHK телеканали хабар қилишича, яна 60 нафар йўловчида коронавирус бўйича ўтказилган тестлар ижобий натижа кўрсатган.

Вазирлик вакили маълум қилишича, улар ҳарорати кўтарилган ва йўтала бошлаган, шунингдек, коронавирус симптомлари мавжуд одамлар билан яқин алоқада бўлган йўловчилар ҳамда экипаж аъзоларида текширувлар ўтказишган.

The Japan Times нашрининг ёзишича, соғлиқни сақлаш вазири Катсунобу Като мамлакат ҳукумати лайнердаги барча йўловчиларни коронавирусга чалингани бўйича текшириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган. У йўловчилар ва экипаж аъзоларига барча тестлар натижалари чиққанидан кейингина лайнерни тарк этишга рухсат берилишини таъкидлаган.

Икки ҳафталик карантин

«Даймонд принцесс» лайнерига 5 февраль куни икки ҳафталик карантин эълон қилинганди. Унинг бортида йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган 3 700 киши бор эди. Кемадагиларнинг ярми - Япония фуқаролари, қолган қисми - 56 мамлакатга мансуб.

Лайнер Йокогама портидан 20 январь куни чиққан ва Кагосима - Ҳонгконг - Окинава йўналишида ҳаракатланган, 3 февраль куни ортга қайтган. Бу вақтга келиб лайнер бортидаги бир неча киши бетоб бўлиб қолган, шундан кейин Япония ҳукумати бортда бўлганларнинг барчасини текширишни бошлаган.

5 февраль куни тиббиёт ходимлари 10 нафар йўловчида янги 2019-nCoV вируси келтириб чиқарадиган пневмонияни аниқлашган. Улар Канагава префектурасидаги шифохонага жойлаштирилган.

Япония ҳукумати маълумотига кўра, бу йўловчиларга вирусни круиз вақтида кемада бўлган ва кейинроқ Ҳонгконгда тушиб қолган 80 ёшли йўловчи томонидан юқтирган. Ташувчи компания маълумотига кўра, ҳонгконглик йўловчи Японияга самолётда келган ва 20 январдан 25 январгача «Даймонд принцесс»да саёҳат қилган. У Ҳонгконгга қайтганида унда ҳам коронавирус аниқланган.

Буюк Британия: зарарланганлар сони ортмоқда

Бу вақтга келиб Буюк Британия ҳукумати расман коронавирусни мамлакат аҳолиси учун «муқаррар таҳдид» деб эълон қилди.

EPA

Бундай қарор Францияда тўрт нафар британиялик вирусдан зарарланганидан кейин қабул қилинди.  Кўп ўтмасдан вирусни юқтириб олганлар сони икки баробар ортди: Британияда яна тўрт нафар беморда коронавирус аниқланди.

Эндиликда вирус юқтиргани гумонланган беморлар мажбурий равишда карантин ҳудудига юборилади. Агар шифокорлар керак деб ҳисоблашса, у жамият соғлиги учун хавф манбаи сифатида изоляция қилинади.

Бундай қатъий чоралар Ухандан келган авиарейслардан бирининг йўловчиси тиббиёт ходимларининг талабларига бўйсунмасдан шифохонадан кетиб қолгани туфайли қўлланмоқда.

«Мавжуд қоидалар беморни 14 кунлик карантин якунига қадар клиникада ушлаб туришга мажбурлай олмайди ва бу муаммони ҳал қилиш учун янги қоидалар жорий этилди», дея хабар беради Би-би-си мухбири Иан Уотсон.

Якшанба куни Англияга Ухандан иккинчи рейс орқали британ фуқаролари олиб келинди. Барча йўловчилар 14 кунлик карантин ҳолатида сақланади.

Қурбонлар сони ортмоқда

Ухан ўчоғи бўлган янги коронавирусдан зарарланганлар сони 40 мингдан ошиб кетди.

Уларнинг асосий қисми - Хитойда, аммо бу коронавирусдан зарарланганлар дунёнинг 20дан ортиқ давлатида ҳам аниқланган.

Вирусдан қурбон бўлганлар сони 908 кишига етган. Икки ўлим Ҳонгконг ва Филиппинда қайд этилган, қолган ўлимларнинг барчаси Хитойнинг материкдаги ҳудудида рўй берган.

Хитой ҳукумати маълумотига кўра, коронавирус аниқланган 3300дан ортиқ киши соғайиб, шифохонадан жавоб берилган.

Мавзуга оид