Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биринчи ўринда хавфсизлик». Божхона расмийси Россиядан юк ташиётган ҳайдовчилар эътирозига муносабат билдирди
«Фуқаро ўзининг нарсасини ўзи олиб келса, киргизамиз. Ундан бошқаси тижорий мақсадларда олиб келинади», деди Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабулов.
11 феврал куни Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара-божхона постига пресс-тур ташкил этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Унда 1 январдан жорий этилган соддалаштирилган янги божхона тўловларидан норози бўлаётган юк ташувчилар билан боғлиқ масалага ҳам изоҳ бериб ўтилди.
«Юк ташувчилар эски нарса олиб келишган. Эски нарса бўлгандан кейин, нархини паст қўйса ҳам биз эътироз қўя олмаганмиз. Эски нарсага 10 баравар арзон қўйса ҳам, биз қабул қилганмиз.
Ҳозирда эски нарса масаласида алоҳида бошқа вазирликлар шуғулланяпти. Мигрантларимиз чет элга бориб, ишлаб, ўзини нарсасини олиб келса, ҳеч қандай эътироз йўқ. Янги соддалаштирилган божхона тўловларидан норози бўлаётганлар бу – хизмат кўрсатувчилар. Улар товар ташиш билан шуғулланишяпти. «Бири дўстимники, бири қариндошимники», деб эски нарсани олиб келяпти. Биз қуруқ гапга ишона олмаймиз.
2таси ўзиники бўлса, қолган 8тасини сотиш учун олиб келяпти. Бу бўйича аниқ маълумотларимиз бор.
Бу – биринчи томони. Асосий масала хавфсизлик бўлиб турибди. Фараз қилайлик, эски нарсани ичида ишлатилган нарса, ахлатда ётган нарса ҳам бўлиши мумкин. Буни ҳеч ким кафолатламайди. Расмларини ҳам кўрсатишимиз мумкин.
Олдинлари 100 АҚШ долларлик нарсани 5 доллар ёзса ҳам қабул қилганмиз. Биз Қозоғистондан келаётган фуқарога алоҳида ёки бошқа давлатдан келадиганга алоҳида тартиб қила олмаймиз. Бу тартиб фақат шу юк ташувчи ҳайдовчиларга тўғри келмади.
Бошида нотўғри тушунишди. Биринчи ўринда олиб келинаётган нарсанинг хавфсизлиги туради. Биз буни ваколатли органларга киритганмиз. Улар бу масалани ўрганишяпти. Фуқаро ўзининг нарсасини ўзи олиб келса, киргизамиз. Ундан бошқаси тижорий мақсадларда олиб келинади.
Ҳозирда бу масала бўйича тегишли ташкилотга таклиф киритганмиз. Биринчи навбатда хавфсизлик масаласи кўриб чиқилади», – деди Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Рустам Кабулов.
Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари ўртасида енгил автомобилда қатнайдиган ўнлаб ҳайдовчилар Олий Мажлис биноси олдида тўпланиб, 1 январдан кучга кирган янги божхона тартибидан шикоят билдиришган эди.
1 январдан йўлга қўйилган соддалаштирилган тартибга асосан, божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўлови ундирилмоқда. Бунда тўлов ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин бир килограми учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда белгиланган.
Соддалаштирилган тартиб жисмоний шахсларга нисбатан, улар шахсий эҳтиёжлари учун чет элдан олиб келаётган товари миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортган ҳолатларда қўлланилади.
Мавзуга оид
21:34 / 13.06.2026
Андижонда олтинларни турли найранглар орқали олиб киришга уринган шахслар тўхтатиб қолинди
09:50 / 12.06.2026
Ички кийимга яширилган гиёҳвандлик моддаси сақловчи капсулалар аниқланди
21:11 / 30.05.2026
Фарғонада 1 млрд 247 млн сўмлик дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди
08:34 / 22.05.2026