Ўзбекистон | 10:55 / 11.02.2020
8049
3 дақиқада ўқилади

Гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди 

Гематология хизматини ривожлантириш учун 546,5 млрд сўм ва 70,7 млн АҚШ доллари ажратилади

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш ҳамда онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистонда гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди:

гематологик касалликларга ташхис қўйиш учун тиббиёт муассасаларининг лабораторияларини реагентлар билан таъминланганлик даражасини 7,5 баробарга ошириш;

республика ва ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематологик касалликларини даволаш учун зарур бўлган дори воситалари билан таъминланганлик даражасини 2020 йилда 6 баробарга ва кейинги йилларда босқичма-босқич ошириб бориш;

миелома ва лимфома касаллигига чалинган беморларда аутологик ўзак ҳужайралари трансплантациясини ўтказиш;

трансфузиология (қон билан ишлаш) хизмати моддий-техника базасини яхшилаш, қон компонентлари ва препаратларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш.

Дастурга мувофиқ гематология хизматини ривожлантириш учун 546,5 миллиард сўм ва 70,7 миллион АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилган.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Гематология ва трансфузиология хизматларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ва кейинги беш ўқув йили давомида “Гематология ва трансфузиология” мутахассислиги йўналиши бўйича магистратура ва клиник ординатурада кадрларни давлат грантлари асосида тайёрлаш;

ҳудудий тиббиёт муассасаларининг гематолог ва лаборант шифокорларини асосий иш жойларида ойлик маоши сақлаб қолган ҳолда республиканинг етакчи тиббиёт муассасаларида стажировка ўтиши ва малака оширишини ташкил этиш;

гематология йўналиши бўйича кадрларни хорижий олий таълим ва илмий муассасаларнинг клиник ординатура (резидентура), магистратура ва докторантура босқичларида тайёрлаш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти негизида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказини;

Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари катталар ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ўрин-жойлар сонини ошириш ҳисобига гематология бўлимларининг катталар ва болалар учун мўлжалланган ўрин-жойларини мос равишда 20-30 тага етказиш ҳамда Тошкент шаҳридаги тегишли тиббиёт муассасасида 20-30 ўринли катталар бўлимини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид