17:15 / 11.02.2020
0
2859

ЖССТ Европа бюроси билан шартноманинг учта асосий йўналиши маълум бўлди

Келишувда Ўзбекистон аҳолисининг универсал саломатлиги, тиббиёт суғуртаси ва тиббий фаровонлик масалаларига урғу берилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге 11 февраль куни расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Ташриф давомида бюро ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ханс Клюгенинг сўзларига кўра, шартнома ҳамкорликнинг учта асосий йўналишини ўз ичига олади.

«Биринчиси, Ўзбекистон аҳолисининг универсал саломатлиги. У барча учун жами тиббиёт хизматлардан фойдалариш имкониятини қамраб оладиган дастурлар ишлаб чиқилиши кераклигини англатади. Иккинчиси, тиббиёт суғуртаси. Учинчи йўналиш эса тиббий фаровонлик.

Ўзбекистондаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири – ноинфекцион касалликлар профилактикаси ва уларга қарши курашиш ҳисобланади. Ноинфекцион касалликлар дунёдаги кўплаб мамлакатлар аҳолисига жиддий таҳдид солмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Масалан, бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар тўртинчи одам ноинфекцион касалликлардан азият чекади. Ноинфекцион касалликлар аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида ўлим ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири. Ноинфекцион касалликларга қарши самарали курашиш учун саломатлик маданияти устида иш олиб бориш зарур. Бунинг учун жисмоний фаол бўлиш, спиртли ичимликларни ичиш, чекиш каби зарарли одатлардан ҳоли бўлиш лозим», – деган ЖССТ Европа минтақавий бюроси раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, киши соғлом бўлиш учун кунига 5 порция мева ва сабзавотлар истеъмол қилиши керак.

«Соғлом турмуш тарзи масаласини илгари суриш фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазифаси саналмайди, бу масалада бошқа вазирлик ва идоралар ресурсларидан ҳам фойдаланиш керак. Бу жамиятнинг ҳар бир аъзосига тегишли масаладир», – дея қайд этди Ханс Клюге.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top