Жамият | 10:02 / 18.02.2020
11073
2 дақиқада ўқилади

Телефон аппарати сотувчисига суд ҳукми ўқилди

Фуқаро 16 дона IPHONE’ни Дубайдан Тошкентга олиб бориб, сотувдан тушган пулларни беришини ваъда қилган, бироқ уларни Дубайнинг ўзида сотиб юборган

Фото: Pixabay

2019 йил 3 декабрь куни 35 ёшли А.К.нинг мурожаатида 2019 йил 19 июль куни 24 ёшли фуқаро Д.Т. унга БААнинг Дубай шаҳридан 16 дона IPHONE русумли телефон аппаратларини сотиб олиб беришни айтгани билдирилган, деб ёзмоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Қайд этилишича, Д.Т. ушбу телефон аппаратларини Тошкентга олиб бориб сотишини ҳамда сотувдан тушган пулларни А.К.нинг отаси К.К.га беришни ваъда қилганлиги учун А.К. Дубай шаҳридаги дўконлардан 16 дона IPHONE русумли телефон аппаратларини жами 163.740.238. сўмга сотиб олиб, Дубай халқаро аэропортида Д.Т.га берган.

Аммо, Д.Т. телефон аппаратларини қўлга киритганидан сўнг Ўзбекистонга учмасдан, уларни Дубай шаҳрида сотиб юбориб, сотувдан тушган пулларни ўзининг эҳтиёжларига ишлатиб юборганлиги сабабли Д.Т.га нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва Д.Т.га нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Тергов жараёнида Д.Т. томонидан етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган ва унга нисбатан танланган эҳтиёт чораси “муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилган ҳамда жиноят иши айблов хулосаси билан суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2020 йил 21 январь куни чиқарилган ҳукмига кўра, Т.Д. айбдор деб топилган ва ўзининг айбига иқрорлиги ҳамда моддий зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, унга нисбатан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Мавзуга оид