Ўзбекистон | 23:53 / 19.02.2020
19279
3 дақиқада ўқилади

Эрдўған: «Ўзбекистонга қўлимиздан келган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз»

Олий даражадаги Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якунида давлат раҳбарлари қўшма баёнотни имзолади.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Kun.uz мухбирининг Анқарадан хабар беришича, музокаралардан кейин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида брифинг ташкил этилди.

«Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашимизнинг биринчи йиғилишини ўтказиш билан биз тарихий қадам ташладик, десак муболаға бўлмайди», – деди Туркия президенти.

Эрдўған 20 февраль куни очиладиган Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида қатнашиш юзасидан йўллаган таклифини қабул қилгани учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

У, шунингдек, Ўзбекистонда ўтган парламент сайловлари мамлакат учун муборак бўлиши ва яхшиликка хизмат қилишини тилади.

«Ўзбекистон билан муносабатларимизни муштарак тарих, тил ва маданият асосида кучли қардошлик ришталарига таянган ҳолда стратегик шериклик деб атаймиз», деди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Туркия етакчиси Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Абдулла Ориповнинг «Тилимиз бир, динимиз бир, иймонимиз бир» сўзларини эслаб, Туркия ва Ўзбекистон қардошлиги узоқ ўтмишга бориб тақалишини таъкидлади.

«Ўтган йили Бокуда Туркий тилли давлатлар кенгашининг 7-саммитида биргаликда қатнашдик. Ўзбекистоннинг ҳам бу кенгашга киргани унинг кучига куч, қудратига қудрат қўшди», деди у.

Эрдўған Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошчилигида қилинаётган янгиланишларни эътироф этди.

«Бу кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида қардошимиз Ўзбекистоннинг муваффақиятга эришиши учун қўлимиздан келган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёр эканимизни изҳор этаман», деб таъкидлади Туркия президенти.

Унинг сўзларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2018 йилга нисбатан 27 фоизга ошган.

«Икки давлат ўртасидаги савдода илк маротаба ҳам импорт, ҳам экспорт кўрсаткичларида 1 миллиард доллардан ортиш бор», деб маълум қилди турклар етакчиси.

«Бизнес олами вакилларимизни Ўзбекистонга инвестицияга киритишга доим даъват этиб турибмиз», дея қўшимча қилди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, куннинг биринчи ярмида Туркия президенти саройида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган, шундан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ўтказилган эди. Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев туркиялик ҳамкасбини Тошкентга таклиф қилди.

Мавзуга оид