«Ўқишни кўчириш учун қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг» – Таълим инспекцияси
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчириш бўйича мурожаат қилаётган фуқаролар ва уларнинг ота-оналарини фирибгарлардан огоҳлантирди.
Маълум бўлишича, ҳудудий ишчи гуруҳларга фуқаролар томонидан қалбаки (сохта, ясама) ҳужжатлар топширилаётганлиги аниқланган.
“Ўқишини қўшни давлатлардаги ОТМлардан кўчириш тўғрисида ариза топширган фуқароларнинг ҳужжатлари тўлиқ текширилади ва қалбаки ҳужжатлар аниқланган тақдирда талабаликка қабул қилинмайди. Бундай ҳолатда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Сизга қўшни давлатлардаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқиганлик тўғрисидаги қалбаки ҳужжат қилиб беришни таклиф этаётган тамагир ва фирибгарларнинг таклифларидан эҳтиёт бўлинг”, дейилади инспекциянинг расмий хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қўшни давлатлардаги талабаларнинг барчаси ҳеч қандай имтиҳонларсиз ўқишини Ўзбекистонга кўчириши мумкинлигини хабар қилган, аризалар 15 февралгача қабул қилиниши айтилганди.
Кейинчалик Қирғизистон ва Қозоғистондаги айрим ОТМ ўзбек талабаларига ҳужжатларини бермаётгани, ўқишни кўчириш учун керак бўлган ҳужжатларни олиш учун ярим йиллик контракт тўловини тўлаб бериш талаб қилинаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирганди.
Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов қўшни мамлакатларда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон билан музокаралар олиб борилаётганини айтган, музокаралар натижасида бу муаммолар ҳаммаси ҳал бўлишига умид билдирганди.
Кейинчалик Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ўқишни кўчириш муддати 15 мартгача узайтирилганди.
Ўқишни кўчириш бўйича аризалар фуқаронинг доимий яшаш манзили бўйича қабул қилинади. Бунинг имкони бўлмаган ҳолатларда фуқаро истисно тариқасида бошқа вилоятдаги олий таълим муассасасига тавсия этилиши мумкин. Талабалар ўзлари ўқиётган таълим йўналишига мос ва турдош йўналишлар бўйича асосан сиртқи ва кечки таълим шаклларига тавсия этилади. Ўқишини кўчирган талабалар тўлов-контракт асосида таҳсил олишади.
Мавзуга оид
11:43
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024