Ўзбекистон | 10:41 / 22.02.2020
1842
3 дақиқада ўқилади

Elsewedy Electric Ўзбекистонда электр энергетикада маълумотларни қайта ишлаш ягона марказини яратиши мумкин

Elsewedy Electric билан электр энергетика тизимида маълумотларни қайта ишлаш республика ягона марказини яратиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилиши мумкин

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

2020 йил 20 февраль куни энергетика вазири Алишер Султонов Elsewedy Electric компаниясининг (Миср) президенти ва бош ижрочи директори Аҳмад ал Сувейди билан учрашув ўтказди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантиришда мисрлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларнинг халқаро тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Энергетика вазири Миср компанияси раҳбарини янги генерация қувватлари қурилиши бўйича тайёргарлик босқичидаги лойиҳалар билан таништирди, булар: Сирдарё вилоятида 1 000 МВт.лик қуёш электр станцияси ва 1 300 МВт.лик иссиқлик электр станцияси қурилиши.
  
Таъкидландики, Ўзбекистонда 2019 йилда «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, Халқаро молиявий корпорация (Жаҳон банки) ва ОТБ билан бирга 2025 йилгача 2 ГВт қувватли қуёш электростанцияларни қуриш учун салоҳиятли инвесторларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ХМК билан бирга «1200-1400 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциялари қурилиши» лойиҳаси доирасида тендер савдолари эълон қилинган. Ғолибларни шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида аниқлаш режалаштирилган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 1,0 – 1,3 млрд долларга тенг.

Ўзбекистон томони, инвестициявий ҳамкорликдан ташқари, Энергетика вазирлиги Elsewedy Electric компанияси билан электр энергетика тизимида маълумотларни қайта ишлаш республика ягона марказини яратиш, илғор технологиялар асосида кўмир қазиб олишни ривожлантириш, шунингдек углеводородларни чуқур қайта ишлашга сармоя киритиш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Elsewedy Electric компанияси 1938 йилда ташкил этилган бўлиб, унда электротехника, кабел, телекоммуникация маҳсулотлари, анъанавий ва қайта тикланадиган энергия манбалари учун трансформаторлар, турбиналар ишлаб чиқарилади. Ҳозирги пайтда ушбу компания кабеллар, трансформаторлар, электротехника маҳсулотлари, ПВХ ишлаб чиқариш, энергетика соҳасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш (электр энергия ишлаб чиқариш, «тайёр ҳолда» қуриш ва ЛЭПлар, тақсимлаш тизимлари, газни ўлчовчи станцияларни жиҳозлаш), қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш (қуёшли ва шамол электр станциялари) бўйича энергетика корпорациялари ўнталигига киради. 

Elsewedy Electric’нинг дунёнинг 15 мамлакатида 30та ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд, у ерда 15 мингдан ортиқ ходимлар меҳнат қилади. 2018 йилда компания даромадлари 2,12 млрд долларни ташкил этди.

Бундан олдин, Elsewedy Electric Тошкентда драйпорт қуришга қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид