Ўзбекистон | 08:28 / 24.02.2020
4604
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистонга электр транспортини ривожлантиришда ёрдам беради

ОТБ экспертлари Ўзбекистонда электр транспорт воситаларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича тавсиялар беради

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлигида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маслаҳат кенгаши вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда электр транспортини ривожлантириш истиқболи билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, Осиё тараққиёт банки миссиясининг мақсади - Ўзбекистонда электр транспортини ривожлантириш сиёсати ва стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича маслаҳат бериш, электр транспорт воситаларининг атроф-муҳитга таъсирини таҳлил қилиш ҳамда солиқ, тарифлаш, субсидия ажратиш каби соҳаларда жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий оқибатларни баҳолаш.

Учрашув давомида техник ёрдамнинг асосий йўналишлари, жамоат ҳамда шахсий транспорт воситалари соҳасига электр транспорт воситаларини босқичма-босқич жорий этиш, бу борада тегишли стандартларни амалга ошириш, зарур инфратузилмани ривожлантириш ва Ўзбекистонда қуёш манбаларининг катта имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ёқилғи қуйиш станцияларининг турларини аниқлаш, ресурсларни тежаш зарурияти ва батареялар ишлаб чиқариш бўйича тавсиялар беришнинг асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Қайд этилишича, электр транспортини ривожлантириш масалалари президентнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида кўриб чиқилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид