Ўзбекистон | 23:15 / 24.02.2020
5507
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Жиззахда қуёш электр станциялари қуриш бўйича инвесторлар ўртасида танлов эълон қилинди 

Танлов ташкилотчилари Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобланади.

Фото : KUN.UZ /архив

“Мазкур фото электр станциялар (ФЭС) бўйича алоҳида ишларни бажариш, молиялаштириш, қурилиш ва ишга тушириш ҳамда эгалик қилиш (PV) борасида битта ёки иккита ёхуд хусусий сектордан иборат мустақил электр энергия ишлаб чиқарувчилар (IPP) консорциум танлаб олиниши режалаштирилган. Ҳар бир ФЭСнинг қуввати қарийб 200 МВт бўлиши тахмин қилинмоқда”, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги (ДХШ) қонунига биноан танлов икки босқичда ўтказилади. Ҳозирда унда иштирок этишни истаган потенциал инвесторлар лойиҳага қизиқиш билдиришлари ва дастлабки малакавий танловдан ўтиш учун ариза беришлари мумкин.

Малакавий танловдан ўтган потенциал талабгорлар иккинчи босқичда лойиҳани баҳолаш, лойиҳа ҳужжатларига шарҳ бериш ва кейин техник ҳамда молиявий таклифларни тақдим этишга таклиф этиладилар.

"Лойиҳага қизиқиш билдириш" бўйича расмийлаштириш тафсилотлари билан Энергетика вазирлигининг веб-сайтида танишиш мумкин. Уни 2020 йил 21 мартгача бўлган муддатда тақдим этиш керак.

Қайд этилишича, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ФЭС қурилиши Ўзбекистон ҳукуматининг қайта тикланувчи энергия манбаларини яқин 10 йил ичида 5 ГВт га етказиш стратегияси доирасида амалга оширилади.

Ушбу мақсадда Халқаро молия корпорацияси (Жаҳон банки гуруҳи) қуввати 900 МВтгача бўлган қуёш энергияси лойиҳалари бўйича тендерларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш учун етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Мавзуга оид