Спорт | 23:09 / 27.02.2020
23348
4 дақиқада ўқилади

Мухлислар, ҳакамлар, жанжаллар. «Пахтакор» «Навбаҳор»ни қандай енгди?

Ўзбекистон чемпионатининг бу йилги мавсуми ҳам расман очилди. Биринчи ўйинида амалдаги ва катта эҳтимол бўлажак чемпион «Пахтакор» Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасини қабул қилди. Мавсумнинг илк ўйини кутилганидан ҳам қизиқарлироқ ўтди.

«Пахтакор»нинг қанчалик кучли эканини ОЧЛда кўришга улгургандик. Арвеладзе жамоаси гуруҳдаги дастлабки икки ўйинда ғолиб бўлди. Жамоа халқаро майдондаги бу ўйинлар билан чемпионатда ғолиблик учун кураш унчалик қизимаслигига ишора қилгандек бўлди гўё. Аммо «Навбаҳор» мавсумга яхши тайёрланганини кўрсатди.

Сэр Алекснинг маърузаларини тинглаган Канчельскис «Навбаҳор»га қайтгач Наманган клуби бир қатор яхши футболчилар билан кучайди. Россиялик мураббий бугун уларнинг кўпини майдонга туширмади. Забиҳулло Ўринбоев, Жавлон Иброҳимов каби миллий жамоада ҳам ўйнаган легионерлар ҳозир «Навбаҳор»да эканини билсангиз керак.

«Пахтакор»га қарши ўйинда асосан жамоанинг ўтган мавсумдаги етакчилари ўзини кўрсатди. 26-дақиқада Иван Соловьёв «Пахтакор» бурчак тўпи тепгач бошланган қарши ҳужумни ажойиб тарзда голга айлантирди. Голдан кейин «Навбаҳор» мухлислари байрамни бошлаб юборишди. Шу куни «Пахтакор» стадионига жуда кўп «Навбаҳор» мухлислари келганди. Бу мухлисларнинг хурсандчилиги кўпга чўзилмади. 45+3-дақиқада Илгиз Танташев «Навбаҳор» футболчиси Ислом Исоқжоновни майдондан четлатди.

Бу вазиятда ҳакамнинг қарори турли фикрларга сабаб бўлди, чунки ҳакам яққол кўриниб турган ҳолат учун футболчини майдондан четлатмади. Драган Черан Исоқжоновга ташланди ва икки футболчи ҳам майдонга йиқилди. Бир қарашда оддий ўйини ҳолати, аммо ҳакам «Навбаҳор» футболчисига иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. Балки Танташев Исоқжоновга олдин ҳам сариқ карточка кўрсатганини эсидан чиқариб қўйгандир, ахир бундай воқеа унинг фаолиятида бўлган-ку.

Австралия ҳамда Сурия ўртасидаги ЖЧ-2018 саралаш ўйинида Равшан Эрматов жароҳат сабаб ўйинни давом эттира олмаган ва унинг ўрнини ўша ўйинда захира ҳаками бўлиб ишлаган Танташев эгаллаб қўшимча бўлимларда ишлаганди. Ўша ўйинда Танташев суриялик футболчига сариқ карточка кўратгач, у олдин ҳам огоҳлантирилганини билиб қолган ва кейин қизил кўрсатишга мажбур бўлганди.

Биринчи сариқ билан иккинчи сариқ бир хил дейсизми? Йўқ, ҳакам бир марта сариқ берган футболчисини иккинчи марта огоҳлантириш учун қўполлик жиддийроқ бўлиши керак. Масалан, Танташев Сардор Собирхўжаевга иккинчи сариқ беришга шошмаганди, аммо Исоқжоновни аямади. Оқибатда ўйиндаги интрига пасайди.

Иккинчи бўлимни бир киши кўп бўлиб ўтказган «Пахтакор» кўп ўтмай ҳисобни тенглаштирди. 51-дақиқада Жалолиддин Машарипов ҳамда Драган Черан бошлаган ҳужумни Игорь Сергеев чиройли гол билан якунлади.

77-дақиқага келиб Танташев қизил карточкалар бўйича ҳам ҳисобни тенглаштириб қўйди. У «Пахтакор» сардори Егор Кримецни майдондан четлатди. Қизиғи, бу ҳолатда ҳам ҳакам қизил карточка бермаслиги мумкин эди. Кримец Рашидхоновга оёғини кўпол тарзда кўтарди, аммо бу вазиятда контакт бўлмагандек кўринди. Афтидан ҳакам бу борада вазиятни тенглаштириб қўйиш орқали ўзи учун муаммони камайтиришни истади.

Ҳар икки жамоа 10 киш бўлиб қолгач кимнинг зўр экани билинди. 88-дақиқада Игорь Сергеев яна битта гол уриб ўйинга якуний нуқтани қўйди — 2:1. Шу ўринда Сергеев мавсум бошидан буён 3 та ўйинда 4 та гол урганини айтиш керак. Ҳужумчи ажойиб спорт формасида эканини исботлай олди ва Абрамов уни миллий жамоанинг илк йиғинига ҳам жалб қилди.

«Навбаҳор» ҳали бор кучини кўрсатди дея олмаймиз, чунки жамоага келган ҳамма футболчилар майдонга тушгани йўқ. Агар Канчельскисни яна мавсум ўртасида кетказишмаса, у Наманган клуби билан яхши натижаларга эришишини тахмин қилишимиз мумкин.

Қуйида «Пахтакор» — «Навбаҳор» ўйинидан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Маъруфжон Асқаров олган суратлар

Мавзуга оид